Президент қарори – Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилади

Президент қарори – Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилади

“Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади.

Ҳар бир кўп квартирали уй-жойнинг кадастр паспортида кўп квартирали уй-жойга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар мажбурий тартибда бўлиши шарт.

2022 йил 1 январдан мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда нотариал идоралар томонидан тегишли шартномада акс эттирилади ва янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилади.

Кўп квартирали уй-жойларда яшовчи, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мажбурий бадални тўлаб бериш учун субсидия ажратилади.

Қарорга кўра, қуйидаги масалалар бўйича умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб уй-жой мулкдорлари ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади:

– кўп квартирали уй-жойга туташ ҳудудларда янги объектларни қуриш;

– мулкдорлар амал қилиши мажбурий бўлган кўп квартирали уй-жойларда умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш;

– кўп квартирали уй-жой учун қарз ва кредитларни жалб қилиш.

2021 йил 1 августгача лойиҳа доирасида бириктирилган ҳудудлар, 2022 йил 1 январга қадар эса бутун республика ҳудудларида кўп квартирали уй-жойга хизмат кўрсатиш жараёнига уй-жой мулкдорларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда биллинг тизими жорий қилинади.

2021 йил 1 октябргача кўп квартирали уй-жойларни бошқарувчиларнинг электрон реестри ишга туширилади.

2021 йил 1 июлдан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш усули ширкатлардан бошқарувчи ташкилотларга ўтган уй-жойлар учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини, маҳаллий ҳокимликлар кафиллиги асосида, уч йилгача узайтириш чоралари кўрилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар