Jizzax Organic қишлоқ саноати кластери Жиззах вилоятида 250 иш ўрнини яратди

Jizzax Organic қишлоқ саноати кластери Жиззах вилоятида 250 иш ўрнини яратди

2020 йил апрель ойининг сўнгида Jizzax Organic 250 та лавозимга ходимлар қабул қилишни бошлади. Қишлоқ хўжалиги кластери томонидан яратилган иш ўринлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 22 апрелда бўлиб ўтган видеоселекторда билдирилган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Хусусан, янги бўш иш ўринлари малака ва махсус маълумотни талаб қилмайди. Бу Президент таъкидлаганидек, айниқса, ҳимояга муҳтож, "карантиндан аввал ҳам ишсиз бўлган ва кунлик даромадга қарам" аҳоли қатламларини иш билан таъминлашга имкон беради.

«Иш ўринлари сонининг кўпайиши аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили саналади. Барчамизга маълумки, жорий этилган чекловлар туфайли кўплаб аҳоли даромад манбаларидан айрилди. Ҳозирда Жиззах вилоятида ишсизлик даражаси 9,2 фоизни ташкил этмоқда. Бизнинг вилоятимизда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўп эмас, шу сабабдан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда одамлар ўз саломатликларига хавф туғдирмасдан ишлашлари мумкин. Jizzax Organic даги иш ўринлари пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтишга ёрдам беради», деди Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Акмал Биноқулов.

Ходимлар сонининг кенгайишига бешта омил сабаб бўлди:

  1. озуқабоп экин майдонлари 5,7 минг гектарга кўпайтирилди;
  2. ажратилган ерларда суғориш тизими тикланмоқда;
  3. қишлоқ хўжалиги техникаси паркининг кенгайтирилиши. Европадан техникалар импорти ҳажми 8,7 миллион АҚШ долларига етди;
  4. Австралиядан 2,5 минг бош Дорпер наслдор қўйларни қабул қилиш учун тайёргарлик ишлари;
  5. Америка ва Россиядан 5 минг бош наслдор қорамол, шу жумладан Россия бозорида энг йирик гўшт ишлаб чиқарувчи “Мираторг”дан 2 минг Ангус зотли буқа олиш учун тайёргарлик.

«Jizzax Organic даги ишлар санитария-гигиена меъёрларига мувофиқ олиб борилмоқда. Бироқ, Президентнинг таъкидлаганидек, "бугун йўқотилган вақт ва имкониятни эртага қайтариб бўлмайди", шунинг учун биз экин экиш ва зотдор молларни импорт қилиш билан фаол шуғулланмоқдамиз. Бугун бизнинг компаниямиз амалга ошираётган ишлар, эртага Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди. Кластер ходимлари учун кунига уч маҳал иссиқ овқат ва иш жойига етказиш учун транспорт ташкиллаштирилган, яқин масофада яшовчи ишчиларга эса велосипед берилади. Бундан ташқари, янги бўш иш ўринлари мавсумий эмас, демак, одамларнинг даромади доимий ва барқарор бўлади», дея изоҳ берди Jizzax Organic директори Ҳикматилла Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ташкил этилган Jizzax Organic компанияси гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ўсимликшунослик ва наслчилик билан шуғулланади. Жиззах кластерининг яқин келажакдаги режалари - Ўзбекистонда йирик мармар мол гўшти ишлаб чиқарувчисига айланишдир. Компаниянинг умумий инвестицияси миқдори 150 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумот учун, «Jizzax Organic» ХК МЧЖ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 июлдаги 619-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш учун ташкил этилган. Корхонанинг иши Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантиришга йўналтирилган. «Jizzax Organic» ХК МЧЖ чорвачилик, ўсимликшунослик ва селекция-генетика ишлари билан шуғулланади. Жиззах қишлоқ хўжалиги кластерига инвестициялар суммаси 150 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар