Оширилган миқдордаги нон компенсация пуллари кимларга тўланмоқда?

Оширилган миқдордаги нон компенсация пуллари кимларга тўланмоқда?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 866-сон қарорига асосан ун нархини давлат томонидан назорат қилиш тўхтатилди. Шу билан бирга, фуқароларни ушбу амалиётнинг кескин таъсирларидан сақлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ҳар ойлик пул компенсацияси 22 300 сўмдан 50 000 сўмга оширилди.

Хусусан, Республика бўйича жами 1,7 млн. нафар фуқарога тўланаётган пул компенсацияси миқдори оширилди.

Шунингдек, пул компенсацияси олувчи тоифалар сони 2 тага кўпайиб, 11 тоифага етказилди, яъни 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қўшимча равишда 64,9 минг нафар фуқаро ҳамда 218,1 мингта оилага илк маротаба пул компенсацияси жорий қилинди.


Компенсация олувчилар сони нечта?

Пенсия жамғармаси орқали пул компенсацияси олувчилар сони 1,4 млн. нафарни ташкил этди.

Concrete

Маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали пул компенсацияси олувчилар сони 514,4 минг нафарни ташкил этмоқда.

Concrete

Натижада бугунги кунга келиб пул компенсация олувчи аҳоли қаторига қўшимча равишда икки тоифа қўшилиши натижасида пул компенсацияси олувчилари сони 18,5%га ошиб, 2,0 млн. нафарни ташкил этмоқда.

Компенсация тўлови учун қанча маблағ сарфланмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан шу йилнинг октябрь-декабрь ойларида пул компенсацияларини янги миқдорларда тўлаш учун, қўшимча тарзда 189 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди (Пенсия жамғармаси томонидан тайинланган пенсия ва нафақа олувчилари учун 125 млрд. сўм ва махаллалар томонидан тайинланадиган нафақалар ва моддий ёрдам олувчилар учун 64 млрд. сўм).

Умумий ҳисобда нон компенсациялари тўлови учун 2019 йилда республика бюджети ҳисобидан 604 млрд. сўм ажратилган.

Компенсация тўлови қандай амалга оширилди?

Пенсия жамғармаси томонидан 3 октябрь санасида октябр ойи пул компенсацияси учун (22 300 сўмлик миқдорда) тўлов ведомостлари шакллантирилиб, Халқ банки ва тижорат банклари томонидан тўловлар амалга оширилганлиги сабабли, ошган миқдорлари фарқи (яъни, 27 700 сўм) бўйича 15 октябрда қўшимча ведомостлар тузилиб, ойнинг 27 санасига қадар тўланиши таъминланди.

Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган энг кам ёшга доир пенсия (436 150 сўм) миқдорида пенсия олувчиларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.

Қарорга мувофиқ пул компенсациялари пенсия ва нафақа тўловлари билан бир вақтда амалга оширилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилаларга октябрь ойида 22 300 сўм миқдорида пул компенсациялари тўланган ҳамда ошган миқдорлари фарқи ноябрь ойи билан бирга 77 700 сўм миқдорида тўланган (яъни, 27 700 сўм октябрь ойи учун қўшимча ва ноябрь ойи учун 50 000 сўм).

Шунингдек, компенсация тўлови янги жорий этилган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа олувчи оилаларга 2019 йил 1 октябрдан компенсациялар тайинланиб, ноябрь ойи ведомостига 100 000 сўм миқдорида (яъни, октябрь ва ноябрь ойлари учун 50 000 сўмдан) киритилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам олувчи фуқароларга пул компенсациялари жорий йилнинг 10 ноябрь санасига қадар тўлиқ тўланиши таъминланди.

Компенсациялар қандай назоратга олинган?

Пенсия жамғармасида пенсия ва нафақа олувчиларнинг ягона электрон базаси яратилган бўлиб компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга пул компенсациялар автоматик равишда тайинланади.

Шунингдек, ҳар ойнинг 3 санасига қадар тўлов ведомостлари дастурий мажмуа орқали шакллантирилиб, тижорат банклари ҳамда Халқ банкига электрон шаклда юборилади. Банк пластик картлари орқали олувчиларнинг ҳисоб рақамларига компенсациялар инсон омилисиз ҳар ойнинг бошида автоматик равишда юкланади.

Тўловларни нақд пул шаклида олувчиларга компенсациялар Халқ банки сайёр кассалари томонидан пенсия ва нафақалар билан бирга етказилади. Бунда, фуқарога компенсация тўланганда Халқ банки сайёр кассаси ходими томонидан дастурий мажмуага маълумот киритилади ҳамда Пенсия жамғармаси томонидан автоматик равишда пенсионернинг телефон рақамига бу ҳақда СМС хабар юборилади. Бу орқали фуқарога СМС хабар келган бироқ, компенсация тўланмаганлиги ҳолатлари аниқланади.

Бундан ташқари, Пенсия жамғармаси томонидан ҳар ойда навбатга асосан пенсия ва нафақа олувчилар фуқаролар билан учрашилиб, тўлов ҳолатлари мониторингдан ўтказиш тизими йўлга қўйилган.

Мониторингларда аниқланган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ўрнатилган тартибда чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериб борилади.

Шу билан бирга, пул компенсация тўлови билан боғлиқ саволлар бўйича Пенсия жамғармаси (1140 рақамли) ёки Халқ банкининг (1106) “Ишонч телефон”ларига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар