“Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021–2022 йиллар ҳосилидан қисқартириладиган ғалла майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
Шунга кўра, вилоят бўйича 8 220 гектар (шу жумладан, Косонсой туманидан 3 000 гектар, Чортоқ туманидан 2 100 гектар, Янгиқўрғон туманидан 3 120 гектар) ғалла майдонлари қисқартирилиб, мазкур туманларда қуйидагилар ташкил этилади:
1 850 гектар замонавий интенцив боғ;
1 300 гектар токзор;
1 440 гектар сабзавот;
960 гектар картошка;
1 510 гектар дуккакли ва 1 160 гектар мойли экинлар.
Ҳар бир туманда уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш имкониятидан келиб чиқиб, сабзавот экинлари ва картошка уруғчилигига ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ташкил этилади.
Шунингдек, белгиланган туманларда сертификатланган сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчилар томонидан тўланадиган ер солиғи 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади.
Аҳоли ишсизлигини камайтириш учун туман ҳокимликлари захирасидаги яхлит 300-500 гектар майдонларда плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига бериш чоралари кўрилади.
Изоҳ қолдириш