Ишчи гуруҳ Қўқоннинг 78 та маҳалласида 61 мингдан зиёд хонадонлар муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб бормоқда.
Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда қатор вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида аҳоли томонидан 5,2 мингдан зиёд масала бўйича мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бугунга қадар уларнинг 81% га яқини бартараф этилди.
Мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 1 мингдан зиёд ижтимоий соҳа объектлари атрофлича ўрганилди. Аниқланган 691 та муаммоли масалалардан 352 таси тезкорлик билан бартараф этилди. Қолганлари бўйича таъмир ва ободонлаштириш ишлари ўз якунига етмоқда.
Хусусан, ўрганиш натижасида жами 33 та таълим ташкилотлари, жумладан, 15 та мактаб ҳамда 18 та мактабгача таълим ташкилотлари танлаб олиниб, ҳозирги кунда қайта қурилган ва таъмирланган 30 та муассасалар фойдаланишга топширилди ва 3 та муассасада таъмирлаш ишлари якунланиш жараёнида. Олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари бўйича кунлик назорат ўрнатилган.
Бундан ташқари, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида ички йўлларнинг 15,8 км асфальтланди, 2,5 км пиёдалар йўлаги барпо этилди. Электр таъминоти талаб даражасида бўлиши учун 20 та ТПлар таъмирланди, 120 та симёғочлар алмаштирилди, 16,9 км узунликдаги янги СИП кабеллар тортилди, қўшимча равишда 57 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Газ таъминоти бўйича 37 та ГРП капитал таъмирланди, 12,5 км газ тармоқлари янгиланди, 2 мингга яқин хонадонга қўшимча суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 66 та носозликлар жойида бартараф этилди.
Кўп қаватли уйлар холатини яхшилаш бўйича 48 та уйнинг 905 кв.метр том қисми, 73 та уйларнинг фасади, 37 та уйларнинг ертўласи, 32 та уйларнинг кириш йўлаклари таъмирланди. Уйлар атрофига баскетбол ва волейбол майдонлари барпо этилди. Маҳалладаги болажонлар учун 2 та болалар майдончаси тўлиқ таъмирланди, 2 та автомобиллар ва 1 та пиёдалар кўприги ўрнатилди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган 69 та оғир шароитда яшаб келаётган фуқароларнинг уйлари қурувчи ташкилотлар ва ҳомийлар ҳисобидан бепул таъмирлаб берилди.
Секторлар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” билан “Сайхунобод тажрибаси” асосида 406 та микролойиҳалар амалга оширилди, натижада 1 мингга яқин фуқаро доимий иш билан банд қилинди. Хусусан, маҳаллаларда янги ташкил этилган тикув цехларида ўқув курсларини муваффақиятли битириб келиб, субсидия асосида ишлаб чиқариш дастгоҳларига эга бўлган аёл-қизлар иш билан таъминланди.
Ҳоким ёрдамчилари ҳамда банк вакиллари билан ҳамкорликда “Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш”, “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 375 нафар фуқарога 9 млрд сўмга яқин миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди. Уч юз нафар фуқарога “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 4.2 млрд сўм миқдорида имтиёзли микроқарзлар ажратиб берилди.
Республика ишчи гуруҳи “маҳалла еттилиги” билан ҳудудларнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда 1,2 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланди ва 185 нафарининг тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам Ишчи гуруҳ эътибори марказида бўлди. Жумладан, 2,2 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Уларга моддий ёрдамлар, бепул дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, реабилитация воситалари, ногиронлик аравачалари каби кўплаб турдаги воситалар етказилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш