Инновацион ривожланиш вазирлиги солиқ кредитлари жорий этилишини таклиф этди

Инновацион ривожланиш вазирлиги солиқ кредитлари жорий этилишини таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида академия профессор ўқитувчилари, Давлат солиқ қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари иштирокида янги таҳрирдаги солиқ кодекси муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва қўмита мутахассислари тадбир иштирокчиларига янги таҳрирдаги солиқ кодексига киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар берди.

Банк молия академияси профессор-ўқитувчилари Янги таҳрирдаги солиқ кодекси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар ва кодексга киритилиши лозим бўлган долзарб масалалар хусусида фикр алмашадилар. Жумладан, мамлакатда солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлашнинг долзарблиги, солиқ тизимидаги ўзгаришлар тадбиркорлик субъектларининг узоқ муддатли бизнес режаларини тузишда қийинчиликларга дуч келишига сабаб бўлаётгани, яширин иқтисодиётни камайтириш механизмини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ходими Рустам Эргашев вазирлик томонидан солиқ қонунчилигига солиқ кредити амалиётини жорий этиш бўйича бир нечта таклифлар чиқарилганини айтиб, мазкур таклифлар солиқ ислоҳотлари шароитида ишбилармонлик ва тадбиркорликни ривожланишига хизмат қилишини таҳлилий маълумотлар билан асослаб берди. Шу муносабат билан мазкур таклифлар Солиқ кодексининг янги таҳририга киритилиши зарурлиги таъкидланди. Солиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи “инвестициявий солиқ кредитлари” институтининг жорий этилиши тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрида бўш пул маблағларининг қолишига ва бу маблағларнинг инвестицион ва инновацион фаолиятга йўналтирилишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, тадбир жараёнида Янги таҳрирдаги солиқ кодексини ишлаб чиқиш комиссияси таркибига маҳаллий олим ва профессорларни ҳам жалб этиш тўғрисида таклифлар берилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар