2021 йил 07-10 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Буюк Британияга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари Лондонда бир қатор музокаралар ва учрашувлар ўтказишди.
Хорижий мамлакатлар ривожланиш институти (ODI) офисида ижрочи директор Сара Пантулиано Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) директори Обид Ҳакимов билан учрашди.
Хорижий мамлакатлар ривожланиш институти (ODI) - 1960 йилда ташкил этилган Халқаро тараққиёт ва гуманитар масалалар бўйича мустақил таҳлилий марказ. Лондонда жойлашган марказнинг вазифаси “Ривожланаётган мамлакатларда камбағалликни камайтириш, азоб-уқубатларни юмшатиш ва барқарор турмуш тарзига олиб келадиган сиёсат ва амалиётларни илҳомлантириш ва хабардор қилиш"дан иборат. Бунга “юқори сифатли амалий тадқиқотлар, сиёсат бўйича амалий маслаҳатлар, сиёсий масалаларни тарқатиш ва муҳокама қилиш” орқали эришилади.
2020 йилда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) Марказий Осиё ва Кавказдаги ТОП-10 энг яхши таҳлил марказлари рўйхатига кирди ва 2016 йилда ўз кўрсаткичларини уч поғонага яхшилади (ўша вақтда Марказ 13-ўринда эди). 1998 йилдан бошлаб Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг «Экономическое обозрение» журнали нашр қилина бошланди, Review.uz журналнинг электрон версияси. Иқтисодий тадқиқотлар маркази 2019 йил 3 октабрдаги Президент Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига айлантирилди. Биринчи Ҳукумат Акселераторининг фаолияти ташкил этилди.
Учрашувда иқтисодий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, шунингдек, таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, қўшма тадқиқотларни жадаллаштиришнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Хорижий мамлакатлар ривожланиш институти ўртасидаги учрашув якунида ODI ва CERR тадқиқотлари, таҳлил ва коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ҳамда иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма саъй-ҳаракатлар доирасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун англашув меморандум имзоланди.
Томонлар ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишларини, жумладан, икки мамлакат мутахассислари ўртасида биргаликдаги тадқиқот ва таҳлиллар, семенар ёки конференциялар каби қўшма тадбирларни ташкил этиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни белгилаб олди.
Хусусан, савдо сиёсатидаги ўзгаришларнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар ва алоҳида тармоқларга таъсири, камбағалликка қарши кураш, энергия самарадорлигини ошириш ва қиймат занжирларини ривожлантиришнинг минтақавий муаммолари бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорлик бўйича кейинги босқичлар белгилаб олинди.
CERR директори О. Ҳакимов С. Пантулианони жорий йилнинг куз ойида Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди. ODI раҳбари самимий миннатдорчилигини билдирди ва Ўзбекистонга ташриф буюриш таклифини қабул қилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Барча саволлар учун телефон орқали бизга мурожаат қилинг: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш