2021 йил 21 декабрь куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Наманган вилоят ҳокими вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Сессия иши ва вилоят ҳокими мурожаати ҳокимликнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасида ва вилоят телеканалида тўғридан-тўғри очиқ тарзда эфирга берилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Наманган вилоят филиали томонидан вилоят ҳокимининг Наманган халқига мурожаатининг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб вилоятда 2022 йилда асосий эътибор қаратиладиган соҳаларни кўриш мумкин.
Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 5 359 сўздан фойдаланган. Энг кўп “Янги” сўзини - 49 марта, “Наманган” сўзини – 34 марта, “Саноат” сўзини – 22 марта, “Таълим” сўзини – 19 марта, “Ривожлантириш” ва “Қишлоқ”сўзларини 15 мартадан, “Ижтимоий” ва “Туризм” сўзларини 14 марта қўллаган. Бундан ташқари, “Аҳоли”, “Давлат”,“Спорт”, “Ижтимоий”, “Хизмат”, “Ёшлар” сўзлари ҳам кўп такрорланган.
Мурожаатда асосий эътибор 2021 йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари, амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва “Обод қишлоқ” дастурининг ижросига ҳамда 2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига қаратилган.
Жумладан, 2021 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 8,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 16,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4,5 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 12 фоизга, чакана савдо айланмаси 10,4 фоизга ва жами хизматлар ҳажми 24,5 фоиз ўсиши кутилмоқда.
Инвестиция дастурлари доирасида 5,2 трлн.сўмлик 1 392 та лойиҳа ишга туширилиб, 30 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Хитой, Туркия, Нидерландия, Ҳиндистон, Бельгия, Германия ва Россия каби давлатлардан жами 303,6 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари жалб этилди. 2021 йилда 465 та корхона томонидан 52 та давлатга 67 турдаги саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда 11 та янги турдаги қурилиш маҳсулотлари экспорт қилинди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 1,3 трлн.сўмдан ортиқ маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 22 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш мақсадида 277 км ичимлик сув тармоғи қурилди ҳамда 28 та иншоотни реконструкция қилинди. Электр таъминотини яхшилаш доирасида 68 км электр тармоқлари тортилди ва 28 та транформатор ўрнатилди.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 3,6 минг хонадонли 126 та кўп қаватли уй-жой қуриб, зарурий инфратузилма билан таъминланди. Ижтимоий инфратузилмани яхшилаш доирасида 15 та мактабгача таълим ташкилоти, 25 та мактаб, 11 та соғлиқни сақлаш муассаса объектлари ҳамда 21 та маҳалла биноси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, жорий йилда 943 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, 23 минг нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қўшимча қамраб олинди. Мактабгача таълимга қамров даражаси йил бошидаги 62,9 фоиздан 72 фоизга етказилди.
Халқ таълими тизими олиб борилган ислоҳотлар натижасида, жорий йилда битирувчиларнинг 26,9 фоизи ёки 9 837 нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирдилар.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар доирасида 3 та оилавий поликлиника, Наманган шаҳар “Саховат” уйи, Учқўрғон ва Поп туманлари қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари қуриш учун жами 42,7 млрд.сўм ажратилди.
Соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш мақсадида учун 1014 та спорт майдонлари, жумладан, 655 та “Workout” майдончалари, 59 та стритбол майдончалари, 238 та мини-футбол ва 47 та бадминтон майдонлари ташкил этилди.
Жорий йил давомида 3 та меҳмонхона (70 ўрин), 158 та оилавий меҳмон уйлари (1580 ўрин), 3 та та хостел (58 ўрин), 6 та туристик синфга мансуб автобус, 5 та туроператорлар ташкил этилди.
2022 йилдаги асосий вазифалар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 6 ноябрдаги лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” нутқида белгиланган “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”нининг асосий устувор йўналишларини келиб чиқиб белгиланди.
Хусусан, 2022 йилда вилоятда :
- ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вилоятдаги 52 мингдан зиёд ишсизлар, 33 минг нафар хориждан қайтиши кутилаётганлар ва меҳнат бозорига кириб келадиган 27 мингга яқин ёшлар бандлигини таъминлаш учун 143 мингта доимий ва мавсумий янги иш ўринлари ташкил этилади;
- фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун 13,9 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади;
- пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган 1 231 гектар ер майдонларини аҳолига 10 сотихдан 1 гектаргача “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ажратиб бериш ҳисобига 6 160 нафар янги иш ўринлари яратилади. “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг 5 120 нафари касбга ўқитилади, 4 195 нафарининг бандлиги таъминланади, 2 045 нафарига кредит ажратилади, 1 055 нафарига томорқасидан даромад олишга ёрдам берилади;
- маҳаллий саноатни ривожлантириш ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 26 та кичик саноат зоналари ташкил этилади. Умумий қиймати 11,0 трлн.сўмлик 1 134 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб 34 мингта янги иш ўринлари яратилади;
- қишлоқ хўжалиги ва томорқаларни ривожлантириш бўйича барча куч ва имкониятлар ишга солинади. Вилоятда қўшимча ташкил қилинадиган 10 та кластер томонидан 6 минг гектарда интенсив боғ барпо этиш орқали, мева етиштириш 3-4 баробарга кўпайтирилади;
- 2022 йилда жами 585 млн.доллар шундан, 451 млн.доллар саноат ва 134 млн.доллар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилинади;
- хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури доирасида 533 та лойиҳа амалга оширилади. Шаҳар ва туманларда 17 та туну-кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчалар (Shopping Street) ташкил этиш ҳисобига 820 та хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади;
- аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш устувор вазифалардан бири бўлади. 2022 йилда 109 та 2820 хонадонга мўлжалланган уй-жой қурилади;
- 22 та қишлоқ ва 6 та маҳаллада “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалга оширилади;
- “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахт экиш ва кўкаломзорлаштириш тадбирлари давом эттирилиб, жами 145 гектар майдонда “яшил майдон” жамоат паркларини ташкил этиш этилади;
- ҳудудларда бирламчи тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида 68,3 млрд.сўм маблағ ҳисобига 9 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борин режалаштирилган, натижада 620 ўрин ва 900 қатновга эга тиббий хизмат ташкил этилиши кутилмоқда. Наманган шаҳрида халқаро университет ва замонавий клиникадан иборат“Тиббиёт кластери” ташкил этилади;
- мактабгача ва мактаб таълим тизимини ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилади. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 82 фоизга етказиш мақсадида 3 та янги давлат, 4 та хусусий, 2 та давлат-хусусий шериклик, 258 та оилавий оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади. Вилоятда 3 та математика ва физика, 4 та кимё ва биология, 3 та информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади;
- вилоятда келгусида 10 та олий таълим муассасалари ташкил этилади. Халқаро рақамли университет (IDU-International digital university) Наманган филиали, Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор Университети билан ҳамкорликда “The international university of Namangan” университети, IMPULS BSR” МЧЖ томонидан Давлат хусусий шерикчилик асосида Нодавлат олий таълим муассасаси шулар жумласидандир.
- шаҳар ва туманларнинг туризм имкониятларидан келиб чиқиб, туризм хизматлари экспорт ҳажми 10 млн.долларга етказилади. Шу мақсадда 25,5 млрд.сўмлик 22 та лойиҳа доирасида Чуст туманидаги “Ғова” ва Косонсой туманидаги “Олмазор” қишлоқлари туризм қишлоқлари ҳамда Поп туманида Чодак туризм қишлоғи, Янгиқўрғон туманида Нанай туризм зонаси ва Чортоқ туманида экотуризм зонаси фаолияти йўлга қўйилади;
- ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида 6 та янги спорт муассасалари ҳамда “Навбаҳор” футбол клуби базасида “Футбол академияси” ташкил этилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
Изоҳ қолдириш