Ўзбекистон ва Покистон илмий-тадқиқот марказлари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Покистон илмий-тадқиқот марказлари ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Жорий йилнинг 24 февраль куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази делегацияси таркибидаги Ўзбекистон илмий-тадқиқот марказлари вакиллари Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда Исломобод шаҳрида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этишди.

Тадбир давомида экспертлар Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.

Покистон Ислом Республикаси (ПИР) эксперт-таҳлил ҳамжамиятининг баҳолашига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада фаоллашди. 2021 йилда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик хусусият касб этиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш 5 бараварга ортиб, 2016 йилдаги 35,6 млн. доллардан 181,5 млн. долларга етди. Покистон капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони ортиб бормоқда. ПИРдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда.

Покистонлик таҳлилчиларнинг фикрича, ўзаро муносабатларнинг мустаҳкамланишида икки давлат раҳбарларининг ҳиссаси катта. 2018 йилдан буён Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хоннинг турли форматдаги 9 та учрашуви устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантиришга хизмат қилди.

Покистонлик экспертлар Ш.Мирзиёевнинг фаол сиёсати туфайли Марказий Осиёда “мутлақо янги сиёсий муҳит” юзага келганини, бу эса 2021 йилда икки минтақа – Марказий ва Жанубий Осиёни бир-бирига яқинлаштириш бўйича янги ва кенг кўламли ташаббус билан чиқиш имконини берганини таъкидлаб ўтишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг таҳлилий доиралари Пешовар университети қошидаги Минтақавий (Россия, Хитой ва Марказий Осиё) тадқиқотлар маркази директори, профессор Шобир Аҳмад Хон билан ҳам учрашди.

Покистонлик эксперт икки томонлама ҳамкорлик динамикаси, Марказий Осиёдаги жараёнларнинг ривожланишига, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларига ижобий баҳо берди.

Шобир Аҳмад Хон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида белгиланган Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши туфайли Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратилганини, бу эса ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Минтақада шаклланган жараёнлар Покистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш учун яхши имкониятлар очмоқда.

Учрашув якунлари бўйича қўшма дастур ва тадбирларни, жумладан, тадқиқот ишлари, семинарлар, анжуманлар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ҳамда Пешовар университети қошидаги Минтақавий (Россия, Хитой ва Марказий Осиё) тадқиқотлар маркази вакиллари иштирокида экспертлар учрашувларини ташкил қилишга оид амалий одимларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар