Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 декабрь куни хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Жорий йил 11 майда давлатимиз раҳбарининг “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда мазкур соҳани муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш белгиланди.
30 сентябрда яна бир муҳим ҳужжат – “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони қабул қилиниб, пандемия даврида умумий овқатланиш, савдо, туризм, транспорт соҳалари учун берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Тадбиркорлар билан учрашувларда айтилган муаммолар ҳал этилди.
Шундан келиб чиқиб Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” дастурига берган интервьюсида қуйидагиларни таъкидлади:
– “Маҳаллалар ўрганилганида ҳар бир маҳаллада ўртача 21 турдаги хизмат кўрсатувчи шохобчаларга эҳтиёж бор ва ушбу шохобчалар орқали минглаб бўш иш ўринларини яратиш мумкин.
Мамлакатимиздаги йирик шаҳарларнинг ҳар бирида ўнлаб юқори салоҳиятга эга музейлар мавжуд бўлиб, уларнинг потенциалидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Президентимиз томонидан ушбу турдаги музейларни ривожлантириш мақсадида Италия, Франция, Туркия мамлакатларидаги юқори тажрибага эга эксперт реставраторларни олиб келиб, музейларни туристларбоп қилиб, қайтадан таъмирлаш таклифи берилди.
Биргина уч йирик шаҳардаги музейларни қайта таъмирлаш орқали қўшимча 500 мингдан ортиқ туристларни жалб қилиш имконияти юзага келади.
Аҳолининг даромадлари ошиб бориши билан бирга катта савдо маиший хизмат кўрсатиш объектларига талаб ортиб бормоқда. Шу сабабли Самарқанд ва Наманган шаҳарларида кейинги йилда 600 минг кв метрдан ортиқ бўлган майдонда 10 та йирик савдо ва кўнгил очар марказлар ташкил этилади.
Туристларга қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида божсиз харид қилиш нуқталари ташкил этилади. Бу эса хорижлик сайёҳларнинг маҳсулотларимизга ишончи ва талаби ортишига олиб келади. Қолаверса, бунинг натижасида 750 минг бўш иш ўринлари яратилади.
Энг катта қўшилган қийматни энг тез вақт ичида яратиш мумкин бўлган соҳа бу хизматлар соҳаси ҳисобланади. Биргина шу стратегик соҳани ривожлантириш орқали бир вақтнинг ўзида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам ривожлантириш мумкин”, – деди Обид Ҳакимов.
Марказ директорининг таъкидлашича, давлатимиз раҳбари томонидан ҳоким ёрдамчилари тизими жорий қилинмоқда ва бу тизимни жорий қилишда 600 дан ортиқ лойиҳа шакллантирилган. Ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда яшовчи аҳоли қатламига зарур бўлган хизмат турларини аниқлайди. Масалан, сартарош, сантехник ваҳокозо. Ушбу тизим туфайли энг юқоридаги ислоҳотларни амалиётга жорий қилиниши энг чекка ҳудудлардаги маҳаллаларгача олиб кирилади.
Изоҳ қолдириш