Октябрь ойида истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари 1,3 фоизга ошди. Хусусан, автомобиль бензини нархи октябрь ойининг ўзида 13,5 фоизга ўсган

Октябрь ойида истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари 1,3 фоизга ошди. Хусусан, автомобиль бензини нархи октябрь ойининг ўзида 13,5 фоизга ўсган

2021 йилнинг октябрь ойида истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари 1,3 фоизга ошди. Йиллик ҳисобда эса нархлар ўсиши 10,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг октябрь ойи инфляция шарҳида келтирилган.

Октябрь ойида умумий инфляция даражасининг ўсишига озиқ-овқат товарлари нархлари ошиши юқори таъсир кўрсатиб, гуруҳнинг оширувчи таъсири 0,8 фоиз бандни ташкил қилди. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари (умумий инфляцияга таъсири 0,4 фоиз банд), хусусан, ёқилғи, маиший буюмлар, кийим ва пойабзаллар, шунингдек, хизматлардан (умумий инфляцияга таъсири 0,1 фоиз банд) соғлиқни сақлаш, ресторан ва меҳмонхона хизматлари нархи ўсиши умумий инфляцияни оширувчи асосий компонентлар бўлди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида гўшт маҳсулотлари нархининг ойлик ўсиши 1,9 фоизни ташкил этди. Буни парранда гўштининг ошишига (3,6 фоиз) етиштирувчилар томонидан таклифнинг камайганлиги, озуқа-ем нархининг юқорилиги ҳамда иситиш харажатларининг мавсумий ошганлиги билан изоҳлаш мумкин. Юқоридаги ҳолатлар тухум нархига (11,2 фоиз) ҳам оширувчи таъсирни сақлаб қолди. Шунингдек, ушбу маҳсулотнинг қўшни давлатларга фаол тарзда экспорт қилиниши ички бозорлардаги нархларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Буғдой унлари нархининг ошиши (биринчи навли - 2,0 фоизга, олий навли 1,4 фоизга) жорий йил мамлакатимизда буғдой ҳосилининг режага нисбатан кам бўлганлиги, Россия ва Қозоғистондаги қурғоқчилик туфайли ғалла ҳосилининг прогноз кўрсаткичларига етмаганлиги, шунингдек, ушбу давлатлардан экспорт божи тарифларининг ошиб бориши билан изоҳлаш мумкин.

Жорий мавсумда картошка ҳосилининг юқори унумдор далаларда ҳам кутилганидек бўлмаганлиги, (бунга ҳосилга киргунга қадар картошка уруғининг зарарланиши), қўшни давлатларда ушбу маҳсулот улгуржи нархларининг баландлиги ҳамда импорт қилишда юк ташиш харажатларининг қимматлашиши маҳаллий бозорларда картошка нархининг (ойлик 14,9 фоизга) қимматлашишига сабаб бўлди.

Таъкидлаш жоизки, октябрь ойида гуруч, банан, олма, анор, узум ва лимон, шунингдек, сабзавотлардан сабзи ва лавлаги нархлари ўтган ойга нисбатан арзонлашди.

Октябрь ойида ноозиқ-овқат товарлари нархининг ўсиши 0,4 фоиз бандга тезлашиб, 1,1 фоизни ташкил этди.

Дунёда муқобил энергия ресурслари етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар шароитида ёқилғи маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бориши ва жаҳон бозоридаги нархининг ўсиб бориши ички бозорда ёқилғи маҳсулотлари нархига оширувчи таъсир кўрсатди. Хусусан, автомобиль бензини нархи октябрь ойининг ўзида 13,5 фоизга ўсди.

Жаҳон бозорида хомашё нархининг қимматлашиб бориши билан бир қаторда, ярим ўтказгичлар ва контейнерларнинг етишмаслиги, транспорт ва логистикадаги муаммолар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш харажатларининг ошиб кетиши импорт маҳсулотлари, жумладан, кийим-кечаклар ва маиший товарлар нархига оширувчи босимни сақлаб қолмоқда. Октябрь ойида кийимлар 0,8 фоизга ўсган бўлса, маиший техника буюмлари – 1,8 фоизга қимматлашди.

Айни пайтда ички бозорда цемент ишлаб чиқариш ҳажмининг ошаётганлиги ва импорт бўйича божхона божларининг ноль ставкалари сақланиб қолиши цемент нархининг қурилишлар мавсуми бўлган октябрь ойида ҳам 0,9 фоизга пасайишига хизмат қилди (йиллик ҳисобда 9,2 фоизга пасайган).

Хизматлар гуруҳида нархларнинг ойлик ўсиши 0,5 фоизни ташкил этди (сентябрь ойида 1,6 фоиз).

Ушбу даврда ёқилғи маҳсулотларининг қимматлашиши, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари нархининг (0,97 фоиз) ошишига олиб келди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган ойда иш ҳақи тўловлари оширилишининг хизматлар инфляциясига оширувчи таъсирлари қисқариб бормоқда. Жумладан, таълим, меҳмонхона хизматлари, маиший буюмларга хизмат кўрсатиш, почта ва курьерлик хизматлари гуруҳи нархлари ўсиш тенденциялари сентябрь ойига нисбатан бироз секинлашгани кузатилди.

Базавий ва қисқартирилган инфляция

Октябрь ойида базавий инфляция 0,8 фоизни ташкил этиб, йиллик ўсиши 9 фоизга тенг бўлди. Бунда базавий инфляциянинг умумий инфляцияга оширувчи ҳиссаси 6,8 фоизни ташкил этди1 (2018 йилдан бери энг паст кўрсаткич).

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар