Ўзбекистон давлатга ғаллани мажбурий сотиш режасини 25 фоизга қисқартирди

Ўзбекистон давлатга ғаллани мажбурий сотиш режасини 25 фоизга қисқартирди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш, бошоқли дон етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган қулай агробизнес муҳитини яратиш орқали ғалла етиштиришда давлат буюртмасидан воз кечиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг "Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра: биринчидан, 2020 йил ҳосили учун барча ғалла етиштирувчилар учун давлат бюртмаси ўртача 25 фоизгача камайтирилган ҳолда 2 млн 265 минг тн қилиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан дон етиштириш режасини белгилаш амалиёти тўлиқ бекор қилинади.

Тегишли вазирлик ва идоралар бир ой муддатда 2020 йилда ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш учун сотиб олинадиган ғалланинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотини ва сақлашга талабгор корхоналарнинг рўйхатини шакллантиради.

Иккинчидан, 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

  • давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;
  • давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилади;
  • дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ғалла фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади;
  • хўжаликларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади;
  • жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳосил йилида кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилиб борилади.

Учинчидан, ғалла етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади.

2020 йил 1 июндан бошлаб:

а) фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача ғалла умумий қийматининг 40 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10%, 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 12 % ставкадан (шундан банк маржаси 2 %) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда:

  • кредит маблағларидан эркин фойдаланилади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танланади;
  • ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

б) донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача 50 млрд. сўмгача миқдорда тижорат кредитлари ажратилади.

Бунда:

  • миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10% пунктидан кўп бўлмаган қисмига;
  • хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 % пунктидан кўп бўлмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб- қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади;
  • ғаллани харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилмайди.

“Омборхона гувоҳномаси” ва “Аграр гувоҳномаси” каби молиявий ҳужжатлардан фойдаланишни амалиётга киритишнинг ҳуқуқий асослари яратилади.

Тўртинчидан, дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш Жамғарма зиммасига юклатилади ва буғдой ойлик график асосида Жамғарма томонидан биржада сотувга қўйилади.

Биржа нархлари кескин ўзгарганда, яъни узлуксиз 3 иш куни мобайнида 20 % ва ундан ортиқ миқдорда ошган ёки пасайган ҳолларда Жамғармага тасдиқланган графикка ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасига “Ўздонмаҳсулот” АК тизимига кирувчи дон корхоналарини 2020-2021 йилларда босқичма-босқич хусусий секторга сотиш

чора-тадбирларини белгилаш топширилмоқда.

Олтинчидан, ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш бўйича Республика кенгаши ташкил этилади.

Кенгаш қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • ғалла ўрим - йиғим даврида ички бозорда шаклланган нархлардан келиб чиқиб, харид қилинадиган буғдой нархини ҳамда харид қилинадиган буғдой ҳажмини белгилайди;
  • Жаҳон бозори ва минтақа мамлакатлари биржаларида буғдойнинг нархлари мақбул бўлган даврда марказлашган тартибда (ҳукуматлараро шартномаларга асосан) буғдой импорт қилиш масаласини оператив кўриб чиқади;
  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

(материал тўлдирилмоқда)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар