"Дунё" АА хабар беришича, Австриянинг «Raiffeisen Bank International AG» (RBI) банки директорлар кенгаши аъзоси Лукаш Янушевский Тошкентда RBI ваколатхонасини очиш режаларини эълон қилган.
Унинг сўзларига кўра, банк офисининг расмий очилиши 2022 йилнинг бошига режалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида, «Raiffeisen Bank International AG» - Австриянинг етакчи корпоратив ва сармоявий банки бўлиб, у Марказий ва Шарқий Европада ҳам фаолият юритади. Банкнинг жами активлари 2020 йил сентябрь ҳолатига кўра 163,7 миллиард еврони ташкил қилади.
Ҳозирги вақтда RBI 14 мамлакатда, шу жумладан Россия, Чехия, Словакия, Венгрияда ўз шўъбаларига эга ва савдо ва экспортни молиялаштириш, лизинг, сармоя, хеджерлаш, нақд пул маблағларини бошқариш ва молиявий таваккалчиликларни бошқариш каби банк хизматларини кўрсатади.
Банкнинг 2019 йилдаги соф фойдаси 1,23 миллиард еврони ташкил этган. Банк 47 минг кишилик ходимлари билан банк 16,7 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади.
RBI 2021 йил апрель ойида Лондон фонд биржасида «Ўзсаноатқурилишбанк» ва "UzAuto Motors" халқаро облигацияларининг дебют эмиссиясини жойлаштириш учун ташкилотчи ва букраннер вазифасини бажарган.
Бундан ташқари, банк республикамиз банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш доирасида Eвропанинг йирик молия институтлари орасида потенциал инвесторларни топишга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш