– Ҳоким ёрдамчиси лавозимининг моҳияти, ишлаётган маҳаллангиз, ўзингиз ҳақингизда қисқача сўзлаб берсангиз.
– Ишимизнинг мазмуни ҳақида айтадиган бўлсам, асосий фаолиятимиз маҳалла аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш, маҳалланинг ўсиш нуқталарини аниқлаш, ҳудуддаги камбағалликка қарши курашишдан иборат. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини, туман даражасидаги бошқа масъуллар билан биргаликда ишлаймиз.
Ушбу лавозимга келгунга қадар Наманган вилояти Учқўрғон тумани Солиқ бошқармасида инспектор бўлиб ишлаганман. Халқ ҳаёти билан яқиндан танишман. Илгариги иш тажрибам ҳоким ёрдамчиси сифатидаги фаолиятимда ҳам қўл келмоқда.
Маҳалламиз Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, майдони 102,2 гектардан зиёд. Маҳаллада мавжуд хонадонлар сони 1 017 та, аҳоли сони 4 905 нафар. Инфратузилма ҳақида гапирадиган бўлсак, асосан, мактаб, боғча ва тиббий пунктлар мавжуд эмас. Аҳоли деҳқончилик, билан, хусусан, иссиқхоналар билан ҳам шуғулланади. Чорвачилик ҳам яхши ривожланган.
– Ишни нимадан бошладингиз? Маҳаллани ривожлантиришда асосий эътибор нимага қаратилди?
– Фаолиятимни аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш мақсадида маҳалладаги хонадонларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ишларидан бошладим, сўровномалар ҳам ўтказилди. Бу орқали аҳоли муаммолари, маҳалладаги долзарб бўлиб турган иш йўналишлари белгилаб олинди. Ўтказилган ўрганишлар натижасида маҳаллада мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, бу орқали фуқароларни иш жойлари, доимий даромад манбаи билан таъминлаш, ҳудудда турли бизнесларни ривожлантириш каби масалалар долзарблиги аниқланди. Шунингдек, ўрганишлар, аҳоли билан атрофлича мулоқот давомида маҳалла аҳолисининг мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда балиқ етиштиришга қизиқиши борлиги, фақат бунинг учун зарур амалий ёрдамга муҳтожлиги кўзгa ташланди. Олдинги пайтлар фуқароларда мазкур соҳада тажриба бўлмаганлиги бу иш билан шуғулланишга монеълик қилган. Маҳалламиз Норин дарёси бўйида жойлашган, бу эса маълум тадбиркорлик йўналишларини ривожлантиришга имкон беради. Мутасаддилар, аҳоли, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, шунингдек, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, маҳалланинг иқтисодиий ўсиш “драйвери”ни балиқчилик деб белгиладик. Табиийки, бунда маҳалла аҳолисининг қизиқиши ҳамда иқлим шароитидан ҳам келиб чиқилди.
– Маҳалла “драйвери” белгиланганидан кейин нима ишлар қилинди? Иш қай тарзда ташкиллаштирилди?
– Бошланишида балиқчилик бўйича Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан тажрибали мутахассисларни таклиф этиб, ушбу йўналишнинг сир-асрорлари ҳар томонлама ўрганилди. Ишни кооперация усулида ташкил этишга қарор қилинди. Дастлаб 100 та оиладан иборат балиқчилик кооперацияси ташкил этилди. Бунда суғоришда фойдаланиладиган ички ариқларнинг четларида бетон ҳовузчалар қурилиб, бу жойларда балиқ боқиш йўлга қўйилди. Фуқароларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Кредит уч йиллик бўлиб, бундан бир йили имтиёзли давр саналади. Кооперация доирасида кредит олган фуқарога балиқ боқиш учун алоҳида ҳовуз ажратиб берилади. Шунингдек, у кредит олганидан бошлаб, барча иш жараёнлари мутахассис томонидан ишга ўргатилиб борилди. Масалан, 6 ой давомида 600 кг ем, зарур маслаҳат кўмаги билан ҳам таъминланди.
Кооперациянинг яна бир афзаллиги, кредит олган ишсиз фуқарога ёрдам бериш мақсадида олинган кредитнинг ойлик фоизи (400 минг сўм) кооперация томонидан тўлаб берилади. Шу сабабли, маҳаллада кредитни муддатидан ўтказиб тўлаш ҳолатлари мавжуд эмас.
Балиқчиликнинг йўлга қўйилиши бошқа иқтисодий самаралар ҳам берди. Мисол учун, ариқлар тадбиркорларга топширилганидан сўнг улар таъмирланиб, бетонлаштирилди, натижада сувнинг ерга сингиши ва буғланиши ҳам камайди. Чунки олдинги пайтларда далаларни суғоришда фойдаланиладиган ички ариқларимиз кўп миқдорда сувни йўқотишга олиб келар эди. Бундан ташқари, балиқчиликда фойдаланилган сув таркибида фойдали моддалар борлиги деҳқончиликда ҳам кўл келмоқда. Бу ҳам деҳқончилик билан шуғулланаётган аҳолига катта фойда.
Бугунга келиб маҳалламиздаги тадбиркор йигитлар балиқчиликни пухта ўрганиб олиб, иш жараёнида тажрибаларини оширдилар, ҳатто бошқа жойларда бориб, балиқчилик бўйича илғор тажрибаларни ўрганиб ҳам келишди. Ва ўз навбатида, ўз билганлирини балиқчиликни энди бошлаган маҳалладошлар билан бўлишмоқдалар. Бундан ҳамма манфаат кўрмоқда.
– Балиқчилик кооперациялари ташкил этилгани қандай натижалар берди?
– Бугунга қадар “Соҳил” маҳалласида балиқчиликни ривожлантириш бўйича бир нечта лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Хусусан, “Учқўрҳон форел” МЧЖ лойиҳаси доирасида кооперация усулида балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, 1 200 та янги иш ўрни яратилди, 700 та ҳовуз қурилди. Бундан ташқари, “Гранд фиш фарм” МЧЖ лойиҳаси доирасида садоку усулида балиқ етиштириш бўйича 500 та иш жойи яратилди. “Соҳил савдо” лойиҳасида ички суғориш ариқлари бўйида очилган ҳовузчаларда 35 фуқаро иш билан таъминланди. “Фиш сити Учқўрғон” лойиҳаси доирасида ҳам ички ариқларнинг четларида бетон ҳовузчалар қилиниб, бу ерда балиқ боқиш йўлга қўйилди. Лойиҳа 50 кишини иш билан таъминлади. Эътиборли жиҳати шундаки, фуқароларимиз бир иш циклининг ўзида 6 ойда кредитини ёпиб, даромадга чиқишга эришдилар. Ҳозирда лойиҳага жалб этилган фуқароларнинг ҳар бири 15-20 млн сўм миқдорида даромад кўрмоқда. Фуқаро балиқчиликдан олган фойдасини яна ушбу соҳани кенгайтиришга йўналтириши ҳам мумкин. Ҳозирги пайтда аҳолининг 60 фоизи балиқчилик билан машғул бўлиб турибди.
Яна бир муҳим жиҳати – маҳаллада балиқчиликнинг муваффақиятли ривожлантирилиши ҳудудда бошқа бизнес йўналишларининг ҳам кўплаб очилишига йўл очди. Ўз навбатида, маҳалла ҳудудида янги сервис шохобчалари ташкил этилди. Бугунги кунда аҳоли томонидан етиштирилган балиқ маҳсулотлари шу ернинг ўзида очилган кафе ва бошқа умумий овқатланиш масканларига етказиб берилмоқда. Натижада сайёҳлар, дам олувчилар сони кўпаймоқда, маҳаллий туризм ривож топмоқда.
Шунингдек, балиқчиликни ривожлантирганимиз ҳисобига маҳаллага ижтимоий ёрдам сўраб чиқадиган фуқаролар сони ҳам камайиб кетди. Шунинг учун ҳам маҳалла “драйвер”ини тўғри танлай билиш – жуда муҳим!
– Маҳалла фаровонлигини оширишда транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий инфратузилмалар муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангизда қандай ишлар қилинди?
– Ҳақиқатан ҳам инфраструктуранинг ҳолати аҳоли турмуш даражасида катта роль ўйнайди. Маҳалла ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланган. Тадбиркорликнинг ривожланиши маҳалла инфратузилмасини ҳам анча яхшилашга имкон берди. Хусусан, ўтган қисқа вақт давомида 5,5 км йўл асфальт қилинди. Маҳалла кўчаларидаги ёғоч симёғочлар ўрнига замонавий бетон симёғочлар ўрнатилди. Шунингдек, электр таъминотини яхшилаш мақсадида давлат ҳисобидан 2 та эски трансфморматор янгисига алмаштирилди. Муҳим жиҳати, балиқчиликнинг муваффақиятли ривожланиши маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳам гуллаб-яшнашига имкон берди.
– Айни пайтда камбағалликка қарши курашиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор жиҳатларидан бири саналади. Ўтказилган тадқиқлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш учун нима ишлар қилинди?
– Ўрганишлар ва таҳлиллар, шахсий тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аҳоли орасида учраётган камбағаллик ҳолатларининг аксарияти фуқароларда бозор муносабатлари шароитида ўз касби ё малакасидан етарлича фойдалана олмаслиги, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун маблағ ёки билимнинг етишмаслиги кабилар туфайли юзага келаётганлигини кўрсатди. Камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида маҳаллада истиқомат қилувчи 47 та фуқарони талаб юқори бўлган турли касбларга ўқитиш учун мономарказларга ўқишга юбордик. Шунингдек, 17 нафар фуқарога субсидия асосида тикув машинаси, мотокультиватор, “духовка” печлари олиб берилди. Президент қарорига мувофиқ, яна 24 та фуқарога деҳқончиликни йўлга қўйиши учун 20 сотихдан ер ажратилди. Ҳозирда ер олган фуқаролар экин экиб, оила бюджетини яхшиламоқда.
Президентимиз айтганларидай, агар даромадли иш ўринлари яратадиган бўлсак, камбағаллик кескин қисқаради. Бу амалда ҳам исботини топди. Ҳақиқатан ҳам, даромад келтирувчи иш жойлари яратилганидан кейин муҳтожлар, ижтимоий ёрдам сўраб келувчилар сони камайди. Иш сўраб келган фуқароларга ҳам иш жойлари таклиф қилмоқдамиз. Чунки иши бор, ойлик даромади бўлган одам маҳалладан ёрдам сўрамайди, ўз аравасини ўзи тортади.
Бундан ташқари, шароити оғир хонадонларни етакчи тадбиркорларимизга бириктириш амалиётини ҳам йўлга қўйдик. Етакчи тадбиркорлар уларга нафақат моддий кўмак бермоқда, балки ўзига шогирд сифатида ишга қабул қилиб, ўз бизнесини ҳам ўргатмоқда, шу билан бирга, қилган меҳнати учун ойлик маош ҳам тўламоқда. Бу орқали ҳам камбағаллик ҳолатлари камайиб, аҳоли фаровонлиги ошмоқда.
Маҳалладаги тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларга ўз фаолиятларини расмийлаштиришда ҳоким ёрдамчиси томонидан ёрдам берилди.
– Мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Албатта, фаолиятимиз давомида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик жуда муҳим. Чунки коррупция қилаётган хайрли ишларимизга соя солади. Ҳоким ёрдамчилари ишининг аксарият йўналишлари шаффоф электрон тизим орқали амалга оширилади. Масалан, субсидиялар, кредитлар ажратиш, ижтимоий кўмак бериш масалалари ва бошқалар. Шунингдек, фаолиятимизни шаффофлик ва очиқлик принциплари асосида қуришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бундан ташқари, амалга оширилаётган ишлар, уларнинг натижалари бўйича маҳалла аҳолиси, депутатлар, юқори ташкилотлар, масъуллар олдида ҳисобот берилади. Буларнинг бари коррупция ҳолатларига йўл қўймасликка хизмат қилади.
– Ўтган бир ярим йил давомида маҳаллада нималар ўзгарди? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар маҳалла аҳолисининг фаровонлигида ижобий акс этди, тадбиркорликни муваффақиятли йўлга қўйган фуқароларнинг моддий аҳволи яхшиланди, ўзига, келажагига ишончи ортди, деб ишонч билан айта оламан. Фаолиятим давомида маҳалла аҳлининг қўллаб-қувватлашини ҳис қиламан. Асосийси, кишиларда ислоҳотлар, ўз келажагига ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими ҳам шу!
– Келажак режаларингиз қандай?
– Форель етиштириш лойиҳасининг муваффақиятли чиққани, ҳамда аҳоли томонидан талаб бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда ҳозирги кунда маҳаллада яна 600 оилага мўлжалланган ҳовузлар қурилмоқда. Бундан ташқари, камёб форель балиқларини Россияга экспорт қилишни бошладик. Учқўрғон тумани бўйича йиллик балиқ етиштириш қуввати 1 000 тона бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 10 бараварга ошириш режамиз бор. Ўрганишлар натижасида маҳаллада истиқомат қилувчи кўплаб фуқароларда экотуризмни ривожлантириш истаги ҳам борлиги маълум бўлди. Эндиги вазифа – ана шу йўналишни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш!
– Самимий жавоблар учун ташаккур!
Жамолиддин Турдимов
"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2023
Изоҳ қолдириш