– Мамлакатимизда “маҳаллабай” иш тизими йўлга қўйилиб, сўнгра барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Сир эмаски, бугунги кунда юртимизда барча соҳалар каби маҳалла тизими ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бўлаётган эътибор натижасида ривожланиб, ҳар бир фуқаронинг шахс сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Бунда маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш етакчи роль ўйнайди. Шу сабабли, раҳбарлик қобилиятига эга, билим ва салоҳиятли кадрлар билан биргаликда ушбу янги лойиҳада иштирок этиш учун хоҳиш билдирдим. Дунё тажрибаларини ўзимизга хос бўлган миллий қадриятларимиз билан уйғунлаштирган ҳолда қўллаб, Ўзбекистон учун муҳим лойиҳанинг илк иштирокчиларидан бири сифатида қатнашаётганимдан мамнунман.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз?
– Илгариги фаолиятим ҳам халқ ҳаёти билан муштарак эди. Дастлаб Бухоро давлат университети жисмоний маданият факультетида таҳсил олдим, ҳозир ҳам ўқишда давом этяпман – Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг менежмент факультетида сиртқи таълим шаклида ўқийман. Бу лавозимга ўтгунга қадар Когон тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори лавозимида ишлаганман.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси асосан қайси фаолият турлари билан шуғулланади?
– Маҳалламиз Когон туманида Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи яқинида жойлашган. Кекса отахонларимиз айтишига қараганда, маҳалла номи олис тарих билан чамбарчас боғлиқ. 1934 йилларда ҳозирги Сараён МФЙ ўрни чакалакзорлардан иборат бўлган. Унинг ёнидан Сарай ариғи ўтган. Кейинчалик 3 та оила кўчиб келиб, улар ариқни тозаловчи бўлишган. Бора-бора хонадонлар кўпайиб, ариқ ёнида бунёд этилган қишлоқча номи Сараён деб номланган. 1968 йилларда собиқ совет даврида қишлоқ кенгаши ташкил этилган. Сараён, Баҳоуддин Нақшбанд, Чолоки, Геофизика, Ҳукуматобод қишлоқлари унинг таркибига киритилган. 1985 йилга келиб, қишлоқларда аҳоли кўпайиб, уларга алоҳида маҳалла мақоми берилган. Сараён маҳалласи ҳам шу тариқа маҳалла сифатида ташкил топган.
Жорий йил ҳолатига кўра, Сараён маҳалла фуқаролар йиғинидаги умумий аҳоли сони 3 566 нафарни ташкил этса, уларнинг 1 532 нафари ёшлардир. МФЙда хонадонлар сони 658, оилалар сони 789, ишсизлар сони 148 нафар, кам таъминланган оилалар эса 64 тага етган.
МФЙда 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та мактаб ва 1 та оилавий поликлиника ва ижтимоий дорихона мавжуд. Жисмоний тарбия ва спорт тизими ҳам ҳавас қилгудек, ҳудудда 3 та спорт иншооти мавжуд, шундан 1 та стадион ва 2 та спорт зали маҳалла ёшлари хизматида, 426 нафар йигит-қиз спорт билан мунтазам равишда шуғулланиб келишади. Маҳалла ҳудудида йирик саноат корхоналари мавжуд эмас.
Маҳалладаги хонадонлар ва аҳоли қатлами қуйидагича:
1-тоифадаги, яъни даромади кам, даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар сони 147 та (22,3%);
2-тоифадаги, яъни доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар сони 306 та (46,5%);
3-тоифадаги – ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар сони 64 та (9,7%);
4-тоифага мансуб, иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар сони 141 та (21,4%)ни ташкил этади.
Шундан келиб чиқиб, ҳар бир тоифага киритилган хонадон ва фуқаролар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилганлиги менга қўл келмоқда. Маҳаллада 148 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаролар ишсизлар рўйхатига киритилган. Бу борада ҳар бир фуқаронинг қизиқишлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилди.
– Маҳалладаги иш фаолиятингизни нимадан бошладингиз?
– Зиммамга бу вазифа юклатилгач, биринчи навбатда маҳаллани тўлиқ ўрганиб, ўзим учун йўл харитасини тузиб олиш мақсадида ҳар бир хонадонга кириб, сўровномалар ўтказдим, бунда хонадоннинг ҳақиқий ҳолати ва шароитидан келиб чиққан ҳолда имкониятларини билиб олдим.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини аниқлаш мақсадида хатлов жараёнида хонадонлар тоифаларга бўлинди. Шунга асосан, ногиронлиги бор ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар 57 тани ташкил этди. Шулардан 11 нафари “Темир дафтар”га, 65 нафари “Аёллар дафтари”га киритилиб, хотин-қизлардан 23 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли ёрдам кўрсатиш учун рўйхатга олинди.
Ишсиз фуқаролар 119 нафар бўлиб, шундан 65 нафари ишлаш истагини, 6 нафари касб-ҳунар ўрганиш, 18 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда 30 нафар уй бекалари эса ишлаш истаги йўқлигини билдирдилар. 393 нафар норасмий даромадга эга бўлган фуқаролар билан фаолиятларини легаллаштириш ва расмий даромадга эга бўлиш учун тушунтириш ишлари жойларда олиб борилди.
Аҳолининг асосий даромади томорқадан. Аммо сервис хизматини ривожлантириш орқали қишлоқ аҳли фаровонлигини ошириш имконияти мўл. Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”ни инобатга олсак, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш имконияти кенглигини кўриш мумкин.
– Ҳозирга қадар нима ишлар бажарилди?
– Жорий йилнинг биринчи ярмида 148 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 42 нафар, 10 сотихдан томорқа ер майдони ажратиш ҳисобига 65 нафар, мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш бўйича 32 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 115 нафар (сартарош, этикдўз, нонвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, дастурчи), корхоналарда норасмий ишлаётган ишчиларни легаллаштириш бўйича 64 нафар, субсидия ажратиш ҳисобига 23 нафар киши ишли бўлди.
Бундан ташқари, бугунги кунда ҳудуд бўйича жами 74 нафар фуқаро Россия (71 нафар) ва (3 нафар) Туркия давлатида яшаш ва ишлаш учун кетганлар рўйхатига олинган. Ҳозирда ушбу фуқаролар билан гаплашиб, уларни имкон қадар юртимизга қайтариш ва ўзларига мос келадиган иш ўрни топиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Биргина мисол, маҳалладаги “Сарвар Жавлон Парранда” МЧЖ негизида ташкил этилган “Кооперация усулида броллерчилик” йўналишида 28 та хонадоннинг доимий бандлиги, “Севинч Азиза Бону” оилавий корхонасида миллий ширинликлар цехини ишга тушириш орқали 9 нафар хотин-қизлар, “Шаршара плюс” МЧЖ негизида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш орқали 8 нафар, Бухоро шаҳар “Моно марказ” ва “Сараён чеварлари моҳир қўллар” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил қилинган тикувчилик ўқув курсига 20 нафар, шунингдек, деҳқон хўжалиги йўналишида қулупнайчилик кооперацияси ташкил қилиш ҳисобига 30 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
– Маҳалла аҳолиси билан қай тарзда алоқа ўрнатдингиз, муаммолар юзасидан қанча мурожаатлар тушмоқда, ахборот платформаси фаолияти қай йўсинда йўлга қўйилган, муаммоларни ҳал этишда маҳалла аҳолиси билан яқиндан мулоқот қиляпсизми?
– Маҳалла аҳли билан алоқам жуда яқин бўлган. Депутат сифатида хонадонма-хонадон юрганимда ҳар бир чеҳра мен учун таниш бўлиб қолган. Одамлар муаммоларини билиш ва зудлик билан аҳоли томонидан кўтарилган масалаларга ечим топиш учун ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот юритиш мақсадида “Ҳоким ёрдамчисига мурожаат” Telegram-каналини ташкил этдим. Ҳозирги кунда ушбу канал орқали кўплаб муаммолар ўрганилиб, кўтарилган муаммоларнинг ечими қайси ташкилот ва идоралар билан боғлиқлигига биноан ижобий ҳал этиб келинмоқда. Зеро, фуқаролар билан доимий мулоқот – муаммоларга ечим топишнинг муҳим омилидир. Маҳалла биносида ажратилган хонада ҳам фуқаролар билан мулоқот олиб бориш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Бугунги кунгача 100 дан ортиқ масала жойида, 13 та масала шаҳар миқёсида ва 7 та масала вилоят миқёсида ўз ечимини топди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз? Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги фаолиятимни даставвал маҳалламнинг драйверини аниқлаш мақсадида сўровномалар ўтказишдан бошладим. Сараён маҳалласи Кўчатзор ва Ўрмонзор қишлоқларини ўзида бирлаштирган. Иқтисодий фаол аҳоли эса 1 451 нафардан иборат. Ҳудудда ўтказилган хатлов натижаси бўйича аҳоли 4 та тоифага ажратилди:
- биринчи тоифа – ишсизлар 122 тани;
- иккинчи тоифа –доимий даромадга эга, лекин қўшимча даромад олиш истаги мавжуд хонадонлар 322 тани;
- учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги мавжуд хонадонлар 61 тани;
- тўртинчи тоифада эса доимий даромадга эга, шу билан бирга, кўшимча даромад манбаига эга хонадонлар – 157 та.
Кўриниб турибдики, доимий даромадга эга, лекин қўшимча даромад олиш истаги бўлганлар кўпчиликни ташкил этаркан. Шундан келиб чиқиб, тегишли чоралар белгилаб олинди.
– Ўтказилган тадқиқ натижаларига кўра, қандай устувор вазифалар ва қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди? Муваффақиятли лойиҳалар ҳақида сўзлаб беринг.
– Ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият олиб борар эканман, ишни маҳалланинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганишдан бошладим. Маҳалламизда 15-30 ёшдаги йигит-қизлар сони 436 нафарни, хотин-қизлар сони 1 минг 835 нафарни, шу қаторда чет элларга қатнаб ишлаётган мигрантлар сони 155 нафарни, расман ишсиз мақомидагилар сони 130 нафарни ташкил этмоқда. Албатта, аввало ёшлар муаммоларини тизимли ҳал қилишга эътибор қаратдик, ишни ҳудуддаги 14 та кўп қаватли уйда яшовчи ишсиз ёки тадбиркорликка ҳавасманд ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан бошлаганмиз. Бу турар жойларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириш анча фойдали. Шу боисдан, кўп йилдирки, бўш ва ташландиқ ҳолда ётган бинонинг 130 метр квадратини миллий ширинлик ва қандолат маҳсулотлари пишириб сотиш цехи учун Азиз Ширинов ва унинг турмуш ўртоғига бердик. Ҳозиргача шу фаолият билан уйида, тор шароитда меҳнат қилиб келган оила бугун “Севинч Азизабону” оилавий қандолат кичик корхонасини ташкил этиб, қўшимча 6 нафар пазанда ёшни иш билан таъминламоқда. Оилани моддий қўллаб-қувватлаб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида 68 млн сўм имтиёзли кредит маблағи берилди. Цех электр таъминоти учун уч фазали электр тармоғига уланди. Шу бинодан 120 квадрат метр майдон “Сараён чеварлари” тикув цехи очаётган Муштарийбону Рамазоновага бепул ижарага берилиб, 10 та замонавий тикув машинаси ва бошқа ускуналар билан таъминланадиган бўлди. Ҳадемай 14 нафар чеварнинг доимий бандлиги таъминланадиган бу кичик корхона учун туман ҳокимлиги бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 100 млн сўм маблағ йўналтирилгани чевар қизларни мамнун этди. Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази филиали ўрнида, тикувчилар сафини кенгайтиришга қарор қилинган мазкур цехни айни кунда ҳашар йўли билан таъмирдан чиқариб жиҳозлаяпмиз. Бу йўналишда маҳалламиздан 13 нафар тикувчиликка ҳавасманд қизларни Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ўқитишга йўлланма бердик.
Сараён қишлоғида яшовчи тадбиркор оила вакили Тўлқин Поччаев ҳам “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида 99 млн сўм кредит маблағини олиб, бу сармояга 60 млн сўм шахсий жамғармасини қўшгани ҳолда ҳовлисида 3 минг бош броллер усулида парҳезбоп гўшт етиштиришга мос парранда парваришини бошлаганди. Шу кеча-кундузда у ҳар бири 2,5 кггача бўлган товуқларини бозор нархида, ҳар килограммини 22 минг сўмдан сотяпти. Оила бундан олинаётган даромад чўғини чўтга урганда 154 млн сўмга етказиб, моддий манфаат кўрмоқда. Бу ҳали 45 кунлик меҳнат маҳсули, эришилган фойда холос. Маҳаллада Саид Нарзиев раҳбарлигида қулупнай етиштириш кооперациясига асос солингани ҳам томорқасидан самарали фойдаланмоқчи бўлган миришкорлар учун фақат фойда дегани. Шунингдек, “Бухоро парранда” МЧЖ экин ери ҳисобидан туман захирасига олинган 2,5 гектар ер майдони ҳудудда оғир шароитда яшаётган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 25 нафар ёшларига 10 сотихдан тенг тақсимлаб берилгани уларга яхшигина имконият яратади. Ёшлар экин ерининг 2 сотихида “Виктория” навли серҳосил қулупнай етиштириш баробарида қолган ер қисмида сабзавот маҳсулотларини экиб етиштириш имкониятига эгалар. Қулупнайни эса буюртмачи томони бозор баҳосида сотиб олишга тайёр. Ҳозирда Жўрабек Азимов, Миршод Намозов, Бобирхўжа Поччоев, Муҳриддин Норов, Меҳриддин Нажмиддинов, Шаҳло Ражабова сингари деҳқончиликка иштиёқи баланд ёшлар ўзларига олган ерда экин-тикин ишларини бошлаб юборишган. Хусусан, маҳалла маъмурияти саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги 13 нафар ишсиз фуқаронинг томорқасида бир сотихдан ерда сабзи етиштиришга киришилган. Уларга зарур ашё ва уруғлик бепул тарқатилган.
– Тадқиқлар натижасида камбағалликнинг асосий сабаблари аниқландими? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қандай ёндашувларни ишлаб чиқдингиз? Ушбу соҳаларда қанақа чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
– Ўзи камбағаллик нима? Камбағаллик инсоннинг жамиятда тўлақонли иштирок эта олмаслиги, бундан ташқари, оиласини боқиши, таълим олиши ёки даволаниши, бирор соҳада фаолият юритиши ёки даромад олишига ёрдам берадиган иш билан таъминланмаганлиги ҳамда кредит олиш имкониятининг чекланганида намоён бўлади. Камбағалликни қисқартириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим. Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати билан белгиланади.
Албатта, бу борада илк қилинадиган амалий ишимиз аҳоли яшаш тарзини ўрганиш, уларнинг ишга лаёқати ва оила фаровонлигига асос бўла оладиган манбаларининг мавжудлигига эътибор қаратишдан бошланади. Мақсад аниқ бўлса, ҳаракатимизда самара кўзга кўринади. Албатта бунинг учун кўп меҳнат қилишимизга тўғри келади. Натижасини эса ғалвир сувдан кўтарилганда кўрамиз.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
– Йил бошида камбағаллик рўйхатига 16 нафар фуқаролар олинган бўлса, ҳар бири билан алоҳида ишлар олиб борилди. Уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзи ва имкониятлари тўлиқ ўрганиб чиқилди. Бунга мен вилоят ва шаҳар кенгаши депутатлари, маҳалла фаолларини жалб этдим. Ўтказилган сўров ва суҳбатлар натижасида камбағалликдан чиқариш бўйича режа тузилди. Энг аввало оила аъзолари руҳиятини ўрганишга, уларни яхши яшашга интилишлари учун мотивация беришга ҳаракат қилдим. Хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ва шундан сўнг уларга даромад топишлари учун асбоб-ускуна ажратиш мақсад қилиб қўйилди. Бундан ташқари, ушбу хонадонларга ҳомийлар кўмагида паррандалар тарқатилиб, эҳсон ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Жорий йилнинг дастлабки биринчи ярим йиллигида жами 148 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида маҳаллага 1,8 млрд сўм ажратилган бўлиб, ҳозирги кунда 42 нафар фуқароларга ўз тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишлари учун тавсияномалар берилди ҳамда Агробанк томонидан 1 млрд сўм маблағ ажратилди.
Жумладан, Тўлқин Поччаев, Миршод Намозовлар ушбу имтиёзли кредит асосида ўзлари қизиқиш билдирган броллерчилик (парранда) бизнеси фаолияти билан шуғулланиб, ўзлари билан бир қаторда оила аъзоларидан яна 6 нафари бандлигини таъминлашмоқда. Бунинг самарасида маҳалламизда январь-июль ойларида ўртача товуқ гўшти етиштириш 25 тоннага етказилди. Бу ўтган йилги мос даврга нисбатан анча кўп.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қанақа ишлар олиб боряпсиз?
– Гапингизда жон бор, маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги катта аҳамиятга эга. Маҳалламизда 14 км ички йўллар мавжуд бўлиб, 3 км қисми таъмирталаб бўлиб қолганди. Саъй-ҳаракатимиз билан ушбу йўлларнинг 1 километри шағаллаштирилди. 500 метр қисмини бетонлаштириш ишлари охирига етказилди. Қолган қисми эса дастур доирасида йил охиригача тўлиқ асфальт қилинади. Электр энергияси масаласида ҳам силжиш амалга оширилди. МФЙда 5 та трансформатор бўлиб, иккитаси таъмирталаб эди. Ташкилотлар билан биргаликда биттаси кайта таъмирланиб, иккинчиси янгисига алмаштирилди.
Табиий газ масаласи аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келарди. 350 та хонадонга борувчи газ қувурлари эскириб, босим камлигидан кўплаб мурожаатлар тушганди. Март ойида 1 км кувурлар янгисига алмаштирилди ва аҳолининг розилигига эришилди. Асосан энг кўп мурожаатлар инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ бўлиб, ичимлик суви ва йўлларни таъмирлаш муаммолари кўтарилган.
– Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари”, тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, ушбу сўров нимани кўрсатди? Бу ҳақда, шунингдек, аниқланган “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш учун нима қилаётганингиз ҳақида кўпроқ гапириб беринг.
– Ўтказилган тадқиқлар маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга имкониятларини кенгайтириш вазифалари долзарблигини кўрсатди. Шунингдек, маҳалла драйверлари сифатида чорвачилик ва бўрдоқичиликни ривожлантириш ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасини такомиллаштириш белгилаб олинди. Бу борадаги ишларда дастлабки қадамларгина ташланди холос. Ҳали асосий иш олдинда. Ҳозир эса ўрганишлар асосида “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш борасида бош қотиряпмиз.
– “Маҳаллабай” тизими маҳаллий даражада ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларни ҳал этишда барча даражадаги бошқарув органларининг яқин ўзаро ҳамкорлигини кўзда тутади. Амалиётингизда шундай ҳолатлар бўлганми? Қандай муаммога қайси ташкилотдан ёрдам берилгани ва бу муаммо қандай ҳал қилинганига аниқ мисоллар келтиринг.
– Ҳозирги кунда ҳоким ёрдамчилари учун яратиб берилган оилавий платформа дастурида муаммоларни ечиш учун вазирлик ва тегишли идораларга тўғридан-тўғри электрон мурожаатлар юбориш имконияти мавжуд. Биргина мисол, Давлат ижара маркази орқали ҳозирги кунда бўш турган маҳалла биноси аукцион орқали тадбиркорга олиб берилди. Бу орқали мазкур бинода тадбиркор томонидан миллий ширинликлар цехи ташкил этилиб, 7 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Ҳоким ёрдамчиси институтини татбиқ этишдан мақсад – маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш орқали ҳалқимизнинг маҳаллага бўлган ишончини оширишдир. Бугун аҳоли юқори ташкилотларга эмас, балки ҳоким ёрдамчисига мурожаат этиб, ўз муаммоларига ечим топаётгани айни ҳақиқат. “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳалланинг ўзида туриб барча масалаларни ҳал қилиш мумкинлиги одамларни миннатдор қилмоқда.
Масалан, фуқаро тадбиркорлигини бошлаш нияти билан кредит олиш учун банкка қатнайвериб, ковуши йиртиларди. Йиллаб югурса-да, ё оларди ё ололмасди. Бу муаммо энди йўқ. Ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган фуқаро оилавий тадбиркорлик дастури доирасида электрон ариза беради. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида икки кунда кредит чиқариб берилади. Албатта, бу фуқаролар ишончини ошириш билан бирга тадбиркорликни ривожлантиришда кишига рағбат бағишлайди.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилса бўлади?
– Камбағалликни қисқартириш учун, биринчи навбатда, аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш лозим, деб ўйлайман. Шу билан бирга, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – аниқ режа ва зарур молиявий кўмакдир.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Коррупция – тараққиёт тушови, юртимиз келажагига таҳдиддир. Бу манфур иллат замирида нафақат пора олиш, балки қўлидан келса-да, манфаатсиз ёрдам кўрсатмаслик, инсонлар тақдирларига бефарқ ва лоқайдлик ифодаси намоён. Кўп нарса тарбияга боғлиқ деб ўйлайман. Авваламбор, инсон ўз нафсини тийиши, ҳалол пул топиш орқали фарзандларини ўстириши керак. Ҳар куни эрталаб уйдан чиқар эканман, кунимиз хайрли ва самарали ўтишини, кечқурун оиламга соғ-саломат қайтиб келишимизни ният қиламан. Чунки мени уйда оилам кутади, мен уларга керакман.
Маҳаллада нафақат коррупция ҳолатлари, балки одамлар қалбида ҳеч қандай гумон бўлмаслиги учун фаолиятим мобайнида ошкоралик ва очиқликни таъминлашга ҳаракат қиламан. Маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари, депутатларни жалб этиб, аҳолини тоифаларга ажратиш, улар билан доимий мониторинглар олиб бориш, халқ олдида ҳисоботлар бериш тартибини ишлаб чиққанмиз. Маҳаллада сектор раҳбари, Халқ қабулхонаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда сайёр қабуллар, ҳуқуқий маслаҳатлар ўтказиб борилади. Айнан шу тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришга ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш