Асосий капиталга киритилган инвестициялар. Асосий капитилга киритилган инвестициялар ҳажми 7 373,3 млрд сўм (2021 йилга нисбатан 105,7%) бўлиб, Республикадаги улуши 5,8% (ҳудудлар орасида 6-ўрин)ни ташкил қилган.
Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 70 фоизи вилоятнинг 4 та ҳудуди - Ғузор (22,2%), Қарши шаҳри (18,4%), Муборак (16,4%) ва Китоб (13%) туманлари ҳиссасига тўғри келган. Чироқчи (2,2%), Шаҳрисабз (2,1%), Яккабоғ (1,8%), Қамаши (1,8%), Деҳқонобод (1,7%) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри (1,3%) да инвестициялар оқимининг пастлиги кузатилган.
Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Миришкор (6 баравар ўсиш), Китоб (2,2 баравар), Косон (2 баравар), Қамаши (1,7 баравар) туманларида кескин ўсиш даражасини қайд этган. Лекин, Деҳқонобод (87,2%), Яккабоғ (83,8%), Муборак (72,2%) Шаҳрисабз (37,3%) туманларида инвестициялар оқимининг пасайиши тенденцияси кузатилган.
Вилоятда жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг ўртача ҳажми 2 153,7минг сўм (Республика кўрсаткичидан 1407,9 минг сўм кам), ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,4%ни ташкил қилган ҳолда Республика ҳудудлари орасида 8-ўринни эгаллаган.
2-расм. Қашқадарё вилояти туман (шаҳар)ларида жон бошига асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми (млн сўмда)
Туман (шаҳар)лар кесимида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича Муборак (13,3 млн сўм), Ғузор (7,7 млн сўм), Қарши шаҳри (4,8 млн сўм), Китоб (3,5млн сўм), ва Миришкор (2,2 млн сўм) туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган.
Қамаши (4,6 баравар), Яккабоғ (4,3 баравар), Шаҳрисабз шаҳри (3,3 баравар), Касби (2,7 баравар), Деҳқонобод (2,6 баравар), туманлари кўрсаткичининг вилоят кўрсаткичига нисбатан анча пастлиги қайд қилинган.
Жон бошига тўғри келадиган асосий воситаларга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича ҳам туманлар ўртасида кескин тавофутнинг мавжудлиги кузатилган. Жумладан, энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Муборак туманида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажми Қамаши туманига нисбатан 28 баравар, Яккабоғ туманига нисбатан - 27 бараварга зиёддир.
Таҳлил қилинаётган давр мобайнида вилоят бўйича асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 50,9 фози чет эл инвестициялари ҳисобидан, 34,9 фоизи –корхона ва аҳолининг ўз воситалари ҳисобидан, 6,3 фоизи – банкларнинг кредити ва бошқа қарз маблағлари, 6 фоизи- давлат бюджети ва 1,3 фоизи- қабул қилинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган.
Изоҳ қолдириш