Асосий капиталга киритилган инвестициялар
Вилоятда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 3 668,2 млрд сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 121,5%), республикадаги улуши 7,3% (ҳудудлар орасида 4-ўрин)ни ташкил қилган.
1-расм. Қашқадарё вилояти бўйича асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажмида туман (шаҳар)лар улуши (%да)
Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 70,8 фоизи вилоятнинг 4 та ҳудуди - Ғузор (26,7%), Муборак ва Китоб туманлари (15,6%) ва Қарши шаҳри (12,9%) ҳиссасига тўғри келган. Яккабоғ (1,8%), Шаҳрисабз (1,6%), Деҳқонобод (1,4%), Касби (1,4%), Чироқчи (1,3%), Қамаши (1,2%) туманлари ва Шаҳрибз шаҳри (0,6%)да инвестициялар оқимининг пастлиги кузатилган.
Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Китоб (7,6 баравар), Косон (5,9 баравар), Миришкор (3,2 баравар), Нишон (1,6 баравар) ва Қамаши (1,4 баравар) туманларида кескин ўсиш даражасини қайд этган. Лекин, Касби (84,8%), Муборак (68,3%) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри (54,5%)да инвестициялар оқимининг пасайиши тенденцияси кузатилган.
Вилоят бўйича жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 1073,9 минг сўмни (республика кўрсаткичидан 342,1 минг сўм кам), ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 118,9%ни ташкил қилган ҳолда республика ҳудудлари орасида 7-ўринни эгаллаган.
2-расм. Қашқадарё вилояти туман (шаҳар)ларида жон бошига асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми (млн сўмда)
Туман (шаҳар)лар кесимида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича Муборак (6,3 млн сўм), Ғузор (4,6 млн сўм), Китоб (2,1 млн сўм), Қарши шаҳри (1,7 млн сўм) ва Миришкор (1,2 млн сўм) туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган. Нишон ( 2 баравар паст), Деҳқонобод (3 баравар), Шаҳрисабз (4,1 баравар), Яккабоғ (4,3 баравар), Касби (4,3 баравар), Қамаши (6,6 баравар), Шаҳрисабз шаҳри (7,3 баравар) ва Чироқчи (9,9 баравар) туманлари кўрсаткичининг вилоят кўрсаткичига нисбатан анча пастлиги қайд қилинган.
Жон бошига тўғри келадиган асосий воситаларга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича ҳам туманлар ўртасида кескин тавофутнинг мавжудлиги кузатилган. Жумладан, энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Муборак туманида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажми Чироқчи туманига нисбатан 58 баравар, Шаҳрисабз шаҳри - 43 баравар, Қамаши - 39 баравар, Касби туманига нисбатан - 25 бараварга зиёддир.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Китоб (8,4 баравар), Косон (6,4 баравар), Миришкор (3,6 баравар) туманларида жон бошига тўғри келувчи инвестиция ҳажмининг юқори ўсиш кўрсаткичлари қайд этилган.
Таҳлил қилинаётган давр мобайнида вилоят бўйича асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 60,5 фози чет эл инвестициялари ҳисобидан, 20,0 фоизи – тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари, 17,2 фоизи - корхона ва аҳолининг ўз воситалари ҳисобидан, 1,3 фоизи - давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар
Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятда жами 109,9 млн долларлик (режага нисбатан 3,5 баравар кўп) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Туманлар кесимида солиштирадиган бўлсак, Китоб туманида - 41,2 млн доллар (режага нисбатан 8,2 баравар кўп), Шаҳрисабз - 24,5 млн доллар, Косон - 18,8 млн доллар (режага нисбатан 2,2 баравар кўп), Миришкор - 8,1 млн доллар, Қарши - 7,8 млн доллар (режага нисбатан 2 баравар кўп), Яккабоғ - 6,5 млн доллар, Касби - 2 млн доллар, Деҳқонобод - 0,6 млн доллар, Қарши шаҳри - 0,4 млн доллар, Қамаши - 0,1 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Шаҳрисабз, шаҳри, Муборак, Нишон, Чироқчи, Ғузор туманларида эса 1-чорак якунлари бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилмаган.
Фурқат Исломов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Қашқадарё филиали етакчи илмий ходими
Изоҳ қолдириш