Қишлоқ хўжалик экинлари, мевали дарахтлар ва боғларни совуқдан қандай сақлаш мумкин – Экологик партияси тавсиялари

Қишлоқ хўжалик экинлари, мевали дарахтлар ва боғларни совуқдан қандай сақлаш мумкин – Экологик партияси тавсиялари

«Ўзгидромет»нинг хабар қилишича, республикамиз ҳудудларида 23-26 февраль кунлари ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши мевали дарахтлар, боғлар ва узумзорлар, қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсирини камайтириш бўйича тавсиялар берди.

Қиш мавсумининг сўнгги декадаларида ҳавонинг илиқ келиши, ёғингарчиликнинг кам бўлиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали дарахтлар, тут ва узумзорларнинг эрта уйғонишига сабаб бўлди. Маълумотларга кўра, февраль ойининг иккинчи декадасида илиқ об-ҳаво ҳарорати ҳисобига мевали дарахтлар, тут ва токнинг баҳорги вегетацияси ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 2,5-3 ҳафта эрта бошланди.

Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши оқибатида мевали дарахтлар, боғлар ва узумзорлар, қишлоқ хўжалиги экинларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида қуйидагилар тавсия этилмоқда:

  • Мевали боғ ва узумзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиниб, иложи борича кам миқдорда сув оқизиш;
  • Мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига гўнг аралаш хашак, пахол, шох-шабба уюмларини тўплап, уларни туташиш. Бунинг учун мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25 – 1,5 м ҳамда баландлиги 0,5 – 0,75 м дан тўп-тўп қилиб ўйиб қўйиш;
  • Ҳаво очиқ бўлиб ҳарорат +1С га тушиши билан уюмларни туташиш. Бунда уюмларнинг алангаланмай тутаб ёнишига алоҳида аҳамият бериш лозим. Агар совуқ бўлмаса уюмлардан ўғит сифатида фойдаланиш;
  • Эртаги муддатларда экилган картошка ниҳоллари ердан униб чиққан бўлса шароитга қараб эгат устига қараб эгат устини политилен билан ёпиш ёки ёпишнинг иложи бўлмаган майдонларда кечки сув қуйишни ташкил этиш ва майдонинг атрофига гўнг аралаш ҳашак, пахол ва шоҳ-шаббалар уюмларини тўплаш ҳамда уларни тутатиш;
  • Иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асраш учун дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофга гўнг аралаш хашак, пахол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш.

Шунингдек,

  • Дарахтлар остига челакларда илиқ сувларни жойлаштириш "туман эффекти"ни ҳосил қилиш;
  • Агар парник иссиқхона ва ундан кичик усти плёнка билан ёпилган қулупнай, кичик дарахт ўсимликлари ва бошқалар бўлса, ўтин ва барг-хазонлар орқали тутун ҳосил қилиш;
  • Ховли шароитида дарахтларни гуллаган навдаларини имкон бўлса, полиэтилен плёнкалар билан ўраш;
  • Интенсив ва бошқа боғлардаги ёш кўчатлар туплари пахол-сомон ва мато билан ўраб ҳимоя қилиш.
  • Янги экилган ёки ёш кўчатларни хас-хашаклар билан ўраб чиқиб, устидан полиэтилен плёнка тортиш (лекин совуқ пасая бошлаши билан босқичма-босқич ечиб чиқиш) тавсия этилади.
  • Иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон полиз экинлари кўчатларини тайёрлаш ва уруғларини экишни вақтинча тўхтатиб туриш керак.

"Қўшимча маълумот ҳамда маслаҳатлар учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига, ҳудудларда ташкил этилган штабларга ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассисларига мурожаат қилишингиз сўралади", дейилади хабарда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар