Қозоғистон делегацияси Чиноз туманидаги миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди

Қозоғистон делегацияси Чиноз туманидаги миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди

Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти акими У.Шукеев бошчилигидаги делегация Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар вакиллари, Тошкент вилояти ҳокими, Чиноз тумани масъуллари ва ҳудуд фаоллари иштирок этди.

Қишлоқ марказида ташкил этилган тантаналарда қишлоқдаги кўп миллатли аҳолининг аҳил-иноқ, тотув-ҳамжиҳат муҳитини кўриш мумкин. Меҳмонларга ўзбек, қозоқ, тожик, рус ва татар миллатларининг урф-одатлари, миллий таомлари, намойиш этилди.

Юртимиздаги шундай миллатлараро дўстлик муҳити билан бирга аҳил қўшничилик сиёсати халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо қилишдек буюк ғоя атрофида бир мушт бўлиб бирлашишига хизмат қилмоқда.

Эшонобод қишлоғи туман марказидан 20 километр олисда, қўшни давлат билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу ерда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб 3,2 минг аҳоли истиқомат қилади. “Обод қишлоқ” дастури натижасида янги қиёфага кирган мазкур ҳудудда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Дўстлик байрамига айланган тадбирда қишлоқнинг Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Марказда фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” ҳамда “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида янги тизим самарали жорий этилган. Меҳмонлар бинодаги шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларнинг чекка бир қишлоқдаги натижасига юқори баҳо берди.

Янги барпо этилган 200 ўринли Маданият саройи кўп миллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун имконият яратди. Шунингдек, “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилинди. Унинг марказидаги Китоб монументи эса ёшларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътиборнинг белгисидир. Бу ерга кирган инсон мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини кўриб завқланади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар