Самарқанд саммити ШҲТнинг йирик сиёсий ва дипломатик форуми сифатида тарихда қолади

Самарқанд саммити ШҲТнинг йирик сиёсий ва дипломатик форуми сифатида тарихда қолади

2022 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг чоп этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштираётгани ҳақида фикр-мулоҳаза юритганлар.

Мақолада айтилгандек, шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солаётгани, уларнинг даромад манбаларини қисқартираётгани тўғрисида сўз юритилган.

Ушбу таҳликали ва башорат қилиш мушкул бўлган янги бир даврда ШҲТ доирасида ҳар томонлама ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш ташкилот қатнашчилари учун жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Президенти ШҲТнинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлиги ҳақида сўз юритар экан, ташкилотнинг минтақавий масалаларни ҳал қилишда сезиларли муваффақиятларга эришиш сабаларини очиб берган. Шу ўринда ШҲТни ташкил этиш тўғрисидаги Декларацияга кўра, ташкилот бошқа давлатлар ва минтақаларга қарши қаратилган иттифоқ эмаслиги, у очиқлик тамойилига амал қилиши, ШҲТ бошқа давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳар қандай шаклда мулоқот, алоқа ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдириши ҳақида таъкидлаб ўтган. Бу принциплар ШҲТнинг асосий ҳужжати бўлган Хартияда ҳам аниқ кўрсатиб берилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташкилотдаги раислик даврида асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди.

Президентимиз айтганларидек, Буюк Ипак йўлининг дурдонаси бўлган қадимий Самарқанд шаҳри ШҲТнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олади.

Саммитда 15 давлат ва ҳукумат раҳбари, ўнга яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Шу нуқтаи назардан Самарқанд саммити дунё миқёсида йилнинг энг йирик ва нуфузли сиёсий-дипломатик тадбирлардан бирига айланади. Унда ташкилот тарихида илк бор 30 га яқин ҳужжат кўриб чиқилади ва муҳокама этилади. Мазкур ҳужжатлар ташкилотнинг минтақа ва дунё миқёсидаги ўрни ва ролини оширишга хизмат қилади. ШҲТга аъзо, кузатувчи ва ҳамкор давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларининг узоқ истиқболини белгилаб беради.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси айнан Самарқандда бўлиб ўтаётгани алоҳида рамзий маъно касб этади. ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади. “Самарқанд руҳи” ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлади ва Президентимиз таъкидлаганларидек, ШҲТни яратилишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради.

15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Саммитда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги якунлари сарҳисоб қилинади.

Бу даврдага қадар Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилган.

Ўзбекистон мазкур тадбирга ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мустаҳкам янги ҳуқуқий ва концептуал ҳужжатлар тўплами билан яқинлашмоқда.

Ишончимиз комилки, Самарқанд саммити йирик сиёсий ва дипломатик форум бўлиб ШҲТни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихда қолади.

Афзал Артиков
Иқтисодий тадқиқодлар ва ислоҳотлар маркази
Бош илмий ходими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар