Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.
– Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби! – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бироқ, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.
Яна бир мисол, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Бу ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.
Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Изоҳ қолдириш