Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов:
Ота-оналари ишсиз қолиши ёки касаллиги туфайли кўплаб болалар пандемия даврида эксплуатацион ва хавфли иш излашга мажбур бўлишмоқда. Ва бунинг натижасида мактабга қатнаш имкониятлари пасаймоқда. Мана шу қарорни ёки бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳозирги даврда олиб борилаётган, ўзгараётган ижтимоий ҳимоя тизими ҳақида Умид Алиев сиз бу ҳақда нима дея оласиз?
ЮНИСЕФ ташкилоти эксперти Умид Алиев:
БМТнинг болалар жамғармаси, яъни ЮНИСЕФ болаларнинг ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Сиз таъкидлаб ўтган тадқиқотда ҳам шу кўрсатилган. Кўп ҳолатларда кам таъминланган оилалар ўз фарзандларини мактабга юборишда зарур бўлган харажатларни қоплашга маблағ тополмаганлиги учун мактабга юбормасдан уйдан олиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Бунинг натижасида кам таъминланган ёки бошқа сабабларга кўра заифликларга эга бўлган болалар узлуксиз равишда, мактаб тизими бепул бўлган ҳолатда ҳам ўша мактабдан тўлақонли фойдаланиб, ўз билим ва кўникмаларига эга бўлишдан маҳрум бўлади. Бунинг натижаси кам таъминланган ёки бошқа заифликларга эга бўлган болаларда меҳнат кўникмалари ҳамда келажакда тўлақонли фуқаролар бўлиб етишига тўсқинлик қилади. Шунга ўхшаган қарорлар, яъни болаларни мактабга йўналтириш учун зарур бўлган харажатларни қоплашга бериладиган моддий ёрдам барча оилаларнинг фарзандларини узлуксиз таълим олишларини таъминловчи қарор сифатида қарашимиз мумкин.
Кўп иқтисодчилар томонидан эътироф этилаётган Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб ижтимоий ҳимоя тизимига харажат эмас, бу инсон капиталини келажакда ривожлантириш учун киритилаётган инвестиция сифатида қараш деган йўналиш пайдо бўлди.
Халқаро тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, айнан боланинг ёшлик пайтида, яъни 7 ёш, 10 ёш ёки 7 ёшдан олдин бўлган озуқа сифати, уни мактабга қатнаши, булар болада меҳнат кўникмаларини яратилишида керак бўлган инсоний капиталнинг ривожланишида тўғридан тўғри таъсир этувчи омиллардир. Шунинг учун болани ёш даврида, мактабга чиқишини узлуксиз таъминлаб бериш ижтимоий капитални ривожлантиришга тўғридан тўғри бериладиган инвестициядир.
Шу борада ЮНИСЕФ томонидан ўтказилган тадқиқотлар тўғрисида нима деёласиз?
Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимоя тизими тўғридан тўғри биринчидан камбағаллик даражасини пасайтиришга ижобий таъсир этмоқда. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, умумий равишда 39 % камбағаллик даражасини пасайтиришга ижтимоий ҳимоя дастурлари таъсир кўрсатади.
Ижтимоий ҳимоя тизими бўлмаганда камбағаллик даражаси ҳозирги даражадан 39% баландроқ бўларди, демоқчисиз. Шундайми?
Яъни, бу ижтимоий ҳимоя тизими тўғридан тўғри камбағалликни камайтиришга таъсирини кўрсатмоқда. Бундан ташқари болалар нафақаларига келадиган бўлсак, тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, нафақа олувчи оилаларда болаларни мактабда ўқиши, яъни академик маҳорати сезиларли даражада нафақа олмаётган ва худди шундай моддий аҳволда яшаётган оилалардаги болалардан кўра анча устун. Болалар учун бериладиган ижтимоий нафақалар уларни мактабда кўникма олишига, озиқ-овқат сифатини тўғридан тўғри яхшилашига олиб бормоқда ва шу орқали ўша болаларда инсон капитали шаклланишида ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Иқтисодиётда камбағаллик қопқони деган нарса бор. Камбағал одам инсон капиталини инвестиция қилолмагани учун, унинг болалари ҳам яна шу камбағалликда қолиб кетади. Мана шу ҳозир олиб борилаётган ижтимоий ҳимоя тизими, ижтимоий ҳимоя тўловлари камбағалларни камбағалликдан чиқаришга хизмат қилади демоқчимисиз?
Камбағаллик қопқонидан чиқариш учун ижтимоий нафақаларни маълум бир оилага етказиш, уларни кенг қамровли давомийлигини таъминлаш зарур бўлади. Ижтимоий нафақаларни доимий ривожлантириш, узлуксиз равишда 18 ёшгача доимий тўлаб борилиши камбағаллик қопқонидан чиқарувчи омил бўлади.
Изоҳ қолдириш