Ўзбекистон ва Афғонистон 655 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартномалар имзолади

Ўзбекистон ва Афғонистон 655 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартномалар имзолади

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун 655 миллион долларлик 199 та битимлар имзолади.

Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Гулшан Ботирова АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Шу жумладан, умумий қиймати 172 миллион доллардан ортиқ бўлган 50та инвестициявий лойиҳа ва қарийб 483 миллион долларга тенг 149 та экспорт шартномалари тасдиқланди.

Икки мамлакат ишбилармонлари томонидан:

  • Қашқадарё вилоятида кимё саноати йўналишида 1та 1,5 млн. долларлик лойиҳа,
  • Наманган вилоятида озиқ-овқат ва чарм-пойабзал саноати бўйича 22,5 млн долларлик 8та лойиҳа ишга тушириш режалаштирилган. Наманган вилоятида туяқуш фермасини ташкил этиш назарда тутилган.
  • Самарқанд вилоятида боғдорчиликни ривожлантириш учун 1та 100 минг долларлик инвестиция лойиҳасини жорий этиш кўзда тутилган.
  • Сирдарё вилояти озиқ-овқат саноатига 17 млн долларлик 5 та лойиҳа,
  • Сурхондарё вилоятида эса фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш, озиқ-овқат тармоқларига қиймати 103 млн 200 минг доллардан ортиқ 30 та лойиҳа жалб этилмоқда.
  • Тошкент вилоятида туризм, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида 4та 19 млн 600 минг долларлик инвестицион лойиҳа ишга туширишга келишилди.

Экспорт шартномалари бўйича:

  • “Ўзавтосаноат” билан умумий миқдори 8,5 млн долларлик,
  • “Ўзметкомбинат” АЖ билан 65 млн 100 минг долларлик,
  • “Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати” АЖ билан 9 млн долларлик,
  • “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан 35 млн 600 минг долларлик,
  • “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси билан 5 млн долларлик,
  • “Ўзчармсаноат” уюшмаси билан 9 млн долларлик,
  • Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан 5 млн 700 минг долларлик ва бошқа бир қатор тармоқ бирлашмалар билан экспорт шартномалари имзоланди.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар