Ўзбекистон ва Корея ўртасида Эркин савдо тўғрисида битим лойиҳасини тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида маълум бўлди.
Мулоқотда коронавирус тарқалишига қарши курашишда ҳамкорлик қилиш, инвестициялар ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш шунингдек, қатор икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони пандемияга қарши курашда Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдам, хусусан, “COVID-19 қарши тезкор чоралар дастури”ни амалга оширишга Ўзбекистонга 5 миллион долларлик қўшимча грант тақдим этиш бўйича қарор қабул қилингани учун Корея Ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Жумладан, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари томонидан ҳозирги вақтда ўрганилаётган ўзаро манфаатли янги инвестициявий лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди.
Корея Эксимбанки, Иқтисодий тараққиёт жамғармаси (EDCF) ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ижросини янада жадаллаштиришга доир навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни суверен кафолатларни тақдим этмасдан амалга ошириш мақсадида Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси (EDPF) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Корея ўртасида Эркин савдо тўғрисида битим лойиҳасини тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Томонлар юзага келаётган масалалар бўйича келишувга эришиш ҳамда ҳужжатни яқин вақтда имзолашга тайёрлаш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш ниятида эканликларини билдирдилар.
Жорий йил охиригача Сеул шаҳрида икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарларининг Кенгаши ҳамда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитасининг йиғилишларини, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларини жалб этган ҳолда муҳокама қилинган йўналишлар бўйича қўшма тадбирларни фаоллаштиришга оид келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш