Янги йилнинг илк иш кунидан бошлаб паспорт ўрнига ID-карталар берила бошлайди

Янги йилнинг илк иш кунидан бошлаб паспорт ўрнига ID-карталар берила бошлайди

Биометрик паспорт ўрнини эгаллаши кутилаётган шахсни идентификация қилувчи ID-карталари бутун республика бўйича 2021 йилнинг илк иш куни 4 январдан берила бошланади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Мирзақамбаров маълум қилди, деб ёзади "Газета.уз" нашри.

ID-карталарини олиш учун ҳеч қандай махсус ҳужжатлар талаб этилмайди, фақат паспот, ариза ва давлат божи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи (198 470 сўм) тўланиши лозим. Улуғбек Мирзақамбаровнинг сўзларига кўра, ID-карта бир иш кунида берилади.

Доимий яшаш манзилида рўйхатдан ўтиш ўзгарган тақдирда, картани алмаштириш талаб этилмайди.

«1 сентябрдан Тошкент ва Тошкент вилоятида рўйхатга олиш тизимини рақамлаштириш жараёни бошланди. 1 январдан бошлаб бутун республика бўйича прописка жараёнлари рақамлаштирилади. Прописка фақат тизимда ўзгартирилади. Картанинг ўзида яшаш манзили ёзилмайди», — деди бошқарма бошлиғи.

Маълумот учун, Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, ID -карталар бир ёшга тўлмаган янги туғилган бола учун — 2 йил муддатга, 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар — 5 йил муддатга (ота-оналар, васийлар, ҳомийларнинг қарорига биноан), 16 ёшдан — 10 йил муддатга (Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун — 5 йил муддатга) берилади.

Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Шунга кўра, Ўзбекистон фуқаролари биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини идентификация ID-карталарига алмаштириш:

  • биринчи босқичда 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
  • иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабргача мажбурий тартибда амалга оширилади.

Идентификация картасида эгасининг биографик маълумотлари, рақамли фотосуратлари, бармоқ излари (16 ёшга тўлганида) ва электрон рақамли имзо калитининг сертификати (16 ёшга тўлганда) сақланади. Шу билан бирга, эгасининг миллати тўғрисидаги маълумотлар идентификация картасининг чипига ID-карта шаклида кўрсатилмасдан киритилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар