Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда “Ишга марҳамат” моно-марказлари ташкил этиш, ёшларни касбга ва тадбиркорлик асосларига ўргатиш масканлари ҳамда маҳалла гузарларида ўқув курслари очиш вазифаси қўйилди.
Маълумки, 8 июнь куни Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 24 тадан 67 тага оширилиб, рухсат олиш талаблари ва солиқ тўловлари деярли бекор қилинди. Бу бандликни таъминлаш борасида катта ресурс экани таъкидлаб ўтилди.
Марказий банкка ўзини ўзи банд қилган шахслар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш, Молия вазирлигига тадбиркорликни бошлаётган ишсиз фуқарога 3 ой мобайнида бино-иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия бериш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш