1 июлдан бошлаб қурилиш соҳасида назорат механизмлари жорий этилади

1 июлдан бошлаб қурилиш соҳасида назорат механизмлари жорий этилади

Президентнинг “Қурилиш жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, қурилиш соҳасида назоратни кучайтириш ва сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғриси”да фармони лойиҳасида келтирилишича, 2021 йил 1 июлдан бошлаб қурилиш соҳасида қуйидаги назорат механизмлари жорий этилади:

Қурилиш вазирлиги, Қурилишда назорат инспекцияси, Қурилишда стандартлаштириш республика маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2017-2020 йиллар давомида қурилган ва фойдаланишга қабул қилинган ҳамда фойдаланишга қабул қилиш жараёнида бўлган барча биноларни 2021 йил давомида тўлиқ қайта назоратдан ўтказади.

Қурилиш объектлари сифатини назорат қилиб бориш механизми йўлга қўйилади:

- икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар қурилишларини амалга оширишда унинг ҳар бир босқичини назорат қилиб бориш, ҳар бир босқичда қурилиш ишлари якунлангандан сўнг қурилиш қоидалари ва талабларига риоя қилинганлигини текшириш амалиёти йўлга қўйилади.

Қурилиш объектларини зилзилага бардошлилигини текшириб бориш йўлга қўйилади:

- Янги қурилган ва реконструкция қилинган тўрт қаватдан юқори объектларни фойдаланишга қабул қилинишидан олдин мажбурий тартибда объектнинг жойлашувига қараб микросейсморайонлаштириш харитасига асосан зилзилага бардошлилигини махсус ускуналар билан текшириш, ушбу талабга жавоб берган тақдирда тегишли объектни фойдаланишга қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади (I тоифа объектлари бундан мустасно).

Объектнинг зилзилага бардошлилигини махсус ускуна билан текшириш жараёнлари мажбурий тартибда видео тасвирга олинади ва Инспекциянинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

Қурилиш объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва рақобатбардошликни ошириш мақсадида:

Янги қурилган ва фойдаланишга топширилганига бир йилдан ошмаган кўп қаватли уйларни (уларнинг биринчи қаватини ҳам) сифатини ҳамда қурилиш қоидаларига риоя қилинганлигини ушбу хонадон(жой)га эгалик қилувчи ёки сотиб олган жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг ҳисобидан аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектларига текширтириш ҳуқуқига эга.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар