2023 йил январь-сентябрь ойларида Сирдарё вилоятида хизматлар ҳажми 4 256,1 млрд. сўмни ташкил этган ва 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 9,1 фоизга ошган.
2023 йил январь-сентябрь ойларида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида хизматлар соҳасининг улуши 27,3 фоизни ташкил этган.
2023 йил январь-сентябрь ойларида хизматлар соҳаси таркибида энг катта улуш молиявий хизматлар (33,2%), савдо (24,9%) ва транспорт (12,3%) хизматларига тўғри келган. Кейинги ўринларни алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (5,8%), бошқа хизматлар (6,1%), таълим хизматлари (3,7%), яшаш ва овқатланиш (2,5%), кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар (2,5%) ва компьютер ва маиший товарларни таъмирлаш (2,4%) эгаллаган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2023 йил январь-сентябрь ойларида кўпчилик хизмат турларининг динамикасида ўсиш суръатлари кузатилди. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 22,5%, таълим хизматлари 19,9%, молиявий хизматлар 10,5%, яшаш ва овқатланиш хизматлари 7,5%, савдо хизматлари 7%, шахсий хизматлар (сартарош ва гўзаллик салони хизматлари) 6,8% га ошган бўлса, ижара хизматлари 28,5%, меъморчилик, муҳандислик тадқиқотлари, техник синов ва таҳлиллар бўйича хизматлар 7,3%га камайган.
2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида кўрсатилган хизматлар ҳажмининг 43,9% Гулистон шаҳри ҳиссасига тўғри келган. Ҳудудда кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмидаги энг катта улушлар бўйича кейинги ўринлар Сирдарё (12,8%), Боёвут (8,9%) туманлари ва Янгиер шаҳри (7,0%) ҳиссасига, энг кичик улушлар эса Ширин (1,4%), Оқолтин (3,3%) ва Сардоба (3,8%) туманларига тўғри келган.
2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида хизматлар соҳасида энг юқори ўсиш суръатлари Боёвут (131,8%) Сайхунобод (122,7%) ва Оқолтин (117,1%) туманларида кузатилган.
Элёр Пулатов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Жиззах филиали бош илмий ходими.
Изоҳ қолдириш