2022 йил 18 мартда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари натижаларига кўра шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи аввалги савдо кунига нисбатан маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 921,9 минг сўмдан 10 101,3 минг сўмгача, яъни 15,3% га пасайди. Бу ҳақда “ЎзРТХБ” АЖ ахборот хизмати хабар қилди.
Ўтган савдо кунида биржа савдоларига жами 2 100 тонна шакар қўйилган бўлиб, улардан барча ҳажми сотилди. Бунда, биржа савдолари орқали "Хоразм шакар" МЧЖ томонидан 1 200 тонна ва "Ангрен шакар" МЧЖ томонидан 900 тонна шакар сотилди.
Шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 267 тага етди ва бу 17 мартга нисбатан 32% га, 1 мартга нисбатан уч маротабага кўпдир.
Шакарнинг харид қилишда талаб даражасидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимот шаклланмоқда. Нисбатан етакчилик қилган ҳудудларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (30%), Самарқанд вилояти (12%), Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари (10% дан), Андижон ва Бухоро вилоятлари (8% дан) кирди.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан шакарни биржа савдоларига кунлик 2 000 тоннадан кам бўлмаган миқдорда барчага тенг шароитда 1 тонналик лотларда қўйилишини ҳамда бир савдо сессиясида бир ҳаридор максимал 20 тонна шакар сотиб олиши кўрсатмаси берилган.
Изоҳ қолдириш