Давактив агентлиги Пойтахт банк сотувга чиқарилганини эълон қилди

Давактив агентлиги Пойтахт банк сотувга чиқарилганини эълон қилди

Халқаро миқёсида тан олинган консалтинг хизматлари кўрсатувчи компаниялардан Deloitte компанияси (кейинги ўринларда - Консультант) “Пойтахт банк” АЖни (кейинги ўринларда - Банк) хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида танлаб олинди. Бу ҳақда Давактив хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 - 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида” 2020 йил 12 майдаги ПФ - 5992-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги) “Пойтахт банк” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетлари нархларини максимал қийматда, шу билан бирга келгусида банкнинг молиявий ҳолати барқарорлигини ошириш ва ривожлантириш шартлари билан оммавий савдолар орқали сотиш (кейинги ўринларда - Битим) режасини эълон қилди.

Банк тўғрисида қисқача маълумот

Банк Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 - 2021 йилларда Тошкент шаҳрида арзон уй-жойларни қуриш кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 13 мартдаги ПФ-2824-сон Фармони билан акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 2018 йил 29 декабрида берилган 84-сонли банк лицензиясига асосан, тижорат банк операцияларини, қимматли қоғозлар, халқаро валюта операцияларини амалга ошириш, ссуда ва кафилликлар бериш, омонатлар қабул қилиш ва кредит бериш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўловларни амалга ошириш, шунингдек юридик ва жисмоний шахларга бошқа банк хизматларини кўрсатиш Банкнинг асосий фаолияти турлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига асосан Банк тасдиқланган давлат суғурта қўйилмалари дастурида иштирок этади, лицензияси бекор қилинган ҳолда ҳам қўйилмалар суммасидан қатъий назар, қўйилмалар 100 фоиз миқдорида қайтарилади.

Банкка “Ahbor-Reyting” рейтинг агентлиги томонидан uzB+ “Барқарор” кредит рейтинги берилган.

Битимни амалга ошириш жараёни

Давлат акция пакетларининг сотилиши рақобат асосида, барча манфаатдор иштирокчилар учун очиқ ариза топшириш ёндашуви асосида амалга оширилади. Банкни сотиш механизми ва жараёни қуйидаги босқичлардан иборат:

  • Иштирок этишга қизиқиш билдирганлар 1-3 иловаларга мувофиқ иштирок этиш учун ариза, иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш мезонлари ва номзодлар тўғрисидаги маълумотлар бўйича ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш;
  • Дастлабки малакавий танлов;
  • Тижорий ва молиявий таклифларни танлаб олиш;
  • Битимни расмийлаштириш;

Биринчи босқичда иштирокчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар тўпламини ўрганиш натижаларига асосан, сотувчи кейинги босқичга ўтказилган малакали иштирокчиларнинг рўйхатини тузади (Long list) ва уларга саралаш натижаси бўйича алоҳида хабар беради.

Иккинчи босқичда иштирокчилар билан маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида битим (NDA) имзоланади. Шундан сўнг иккинчи босқич иштирокчилари банкка доир маълумотларни маълумотлар базасига (Data room) ва келгусида белгиланган муддат давомида банк тўғрисида тўлиқ маълумотларни олиш учун онлайн ва офлайн сессияларга рухсат берилади. Иккинчи босқич иштирокчилари томонидан Банк тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқилгандан сўнг битимни имзолаш учун мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни (Non-binding offer) тақдим этиш сўралади.

Мажбуриятга эга бўлмаган таклифлар кўриб чиқилгандан сўнг, Агентлик консультант билан бирга учинчи босқич иштирокчиларини танлаб олади. Танлаб олинган иштирокчиларга Банкни қўшимча ўрганиш (Due diligence) имконияти тақдим этилиб унда банкка ташриф буюриш ва менежерлар тақдимотида иштирок этиш учун рухсат берилади.

Учинчи босқич доирасида, иштирокчилар маълумотларни ўрганиш натижаларига асосан мажбуриятга эга бўлган тижорий ва молиявий таклифларни (Binding offer) тақдим этади. Танлов натижасига асосан иштирокчиларнинг қисқа рўйхати (Short list) шакллантирилади ва иштирокчиларга алоҳида билдиришномалар юборилади.

Қисқа рўйхатга киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг дастлабки руҳсатномасини олган тўртинчи босқич иштирокчиларга олди-сотди шартномаси, дастлабки бадал тўловни амалга ошириш учун банк хисоб рақами ва тўғридан-тўғри музокаларни ўтказиш учун таклиф юборилади. Тўғридан-тўғри музокалар натижасига кўра сотувчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан ғолиб билан олди-сотди шартномаси имзоланишини таклиф этади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар