Давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилган

Давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилган

Ҳисоб палатаси томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосаси тайёрланди.

2021 йил учун консолидациялашган бюджет харажатларининг жамланма параметрлари таҳлили Қонун лойиҳасининг 1-иловаси билан 2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2022–2023 йилларга бюджет мўлжаллари маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.

Унга кўра давлат бюджети харажатлари давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 165 578 млрд сўмни ташкил этади. Қонун лойиҳасининг 5-иловасига асосан 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 135 629,4 млрд сўмни ташкил этади (шундан, 10 411,8 млрд.сўми Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи трансфертлар).

Қонун лойиҳасининг 6-иловасига асосан 2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатлари прогнозлари 40 057,8 млрд сўмни ташкил этади (шундан, давлат қарзига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар 595,8 млрд.сўмни ташкил этади).

Таҳлил натижасида, республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг жами харажатлари прогнози 164 679,8 млрд сўмни ташкил этгани ҳолда, қонуннинг 1-иловасидаги давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, 2021 йил учун Давлат бюджети даромадлари жами 147 002 млрд сўмни (ЯИМга нисбатан 21,3%) миқдорида прогноз қилинмоқда.

2021 йил учун давлат бюджети даромадларини прогнози сезиларли таъсир кўрсатувчи нарх ва валюта курсларнинг ўртача миқдорлари асосида ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, прогнозларда валюта курси (1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси — 11 000 сўм), стратегик маҳсулотларнинг нархлари (1 унция олтин нархи — 1 750 АҚШ доллари, кумушнинг нархи — 15 АҚШ доллар, миснинг 1 тоннасига 6 000 АҚШ доллари, табиий газнинг нархи — 75 АҚШ доллар) ўзгариши инобатга олинган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар