— Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими жорий этилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Мамлакатимизда ислоҳотларнинг пировард мақсади аҳоли фаровонлигини оширишдир. Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан халқимиз турмушини яхшилаш йўлида жуда катта вазифаларни амалга оширишга киришилди. Аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиб бериш улардаги “...банкка ишонмайман, бир йил югурсам ҳам кредит ололмайман”, деган ишончсизликка барҳам берди, десам муболаға бўлмайди. Ҳоким ёрдамчилари халқ орасига кириб борганидан сўнг аҳоли ҳуқуқий онгининг ошиши, улардаги таклифларни эшитиш, янги ғоялар мақсадлари йўлида маҳалла фуқаролари орасида етакчилик қилиш орқали давлат идораларига бўлган ишонч пайдо бўлди. Кўплаб масалалар ортиқча қоғозбозликсиз, югур-югурларсиз маҳалладан чиқмай туриб ҳал бўладиган бўлди, яна бир муҳим жиҳатлардан бири – маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш орқали оилавий шароитларни яхшилашга эришилди.
Бир неча йиллардан буён ечими топилмай келаётган муаммоларга хонaдoнбай ишни ташкил этган ҳолда ёрдам берилмокда.
— Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Аввалги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
— Мен 1996 йил 21 апрель куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани Қирсадоқ маҳалласида зиёлилар оиласида туғилганман. Мутахассислигим иқтисодчи.
Варшава менежмент университети “Халқаро бизнес ва маркетинг” факультети сиртқи бўлими талабасиман (Андижон филиали). Ёш тадбиркорман.
Ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий қилингунига қадар туман мактабгача таълим бўлимида кадрлар бўйича мутахассис лавозимида фаолият юритганман. Фаолиятим давомида тадбиркорлик билан ҳам шуғулланиб келганим сабабли туман маҳаллаларида 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қамров масалалари бўйича фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, таклифларини кўриб чиқиш, мактабгача таълим ташкилоти йўқ бўлган маҳаллаларда оилавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилиши натижасида мазкур маҳалла фуқароларига тадбиркорлик қилишлари учун тавсия ва йўналишлар бериш орқали ушбу маҳалланинг ижтимоий ҳолати билан яқиндан танишиб қолган эдим.
Аввалги иш жойимда аҳоли бандлиги масалалари билан ҳудудларга чиқиб доимий равишда ишлаганлигим сабабли фуқаролар билан мулоқотга тез киришиб кетдим. Кадрлар бўлимидаги фаолиятимда раҳбарлар билан тўғридан-тўғри иш олиб борганлигим эса аҳоли орасида мавжуд бўлган муаммоларни аниқ масаласига қараб, масъулларга йўналтириш каби муаммоларни ҳал этишим учун имкон бермоқда.
— Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
— Маҳалламиз туман марказида жойлашган бўлиб, жами 751 та хонадон мавжуд. Ҳудудда 930 та оила истиқомат қилади, умумий аҳоли сони бугунги кунга келиб 3 015 тани ташкил этади. Шулардан 1 010 таси ёшлар. 2022 йил хатлов натижаларига кўра, 78 нафар ишсиз фуқаро аниқланган эди. Бугунги кун ҳолатига келиб, уларнинг 51 нафари ўз иш жойига эга бўлди, кам таъминланган оилалар сони 18 тани ташкил этади.
Маҳалланинг асосий “драйвери” — тикувчилик (кийим-кечаклар тикиш) ҳамда автомобилларга хизмат кўрсатиш. Маҳалла ҳудудида 2 та хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, 1 та хусусий клиника ҳамда 1 та дорихона мавжуд.
— Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча аҳоли ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
— Маҳалланинг 40 фоиз аҳолиси тадбиркорлик билан шуғулланиб келади, яна 10 фоиз аҳоли маҳалла ҳудудида тикувчилик йўналишида тадбиркорлигини йўлга қўйган. Хотин-қизлар ўз уйларида ярим тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариб, сотишади. Яна бир тадбиркорлик йўналишида автомобилларга техник хизматлар кўрсатиш, уларга ғилоф тикиш ҳамда машиналар учун аксессуарлар сотув дўконлари мавжуд.
— Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз?
— Ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланганимдан сўнг оила аъзоларим дуолари ила ишни дастлаб кўча бошилари билан танишишдан бошладим. Маҳалладаги энг фаол, масъулиятли фуқаролар билан ҳудуд муаммолари ҳамда келажакда амалга оширилиши лозим бўлган режаларни белгилаб олдим. Ҳар бир xонадонга кирар эканман, аниқ ва конкрет масала ҳамда муаммоларни бартараф этишга бел боғладим ва кўтарилган масалани уч кунга қолмай ижобий ҳал қилинишига эришдим. Шу сабабли, аҳолининг ҳоким ёрдамчиси фаолиятига ва бугунги кунда илгари сурилаётган ислоҳотларга ишончи ортишига эриша олдим, деб айта оламан. Қувончли тарафи, бир йиллик фаолиятим самараси ўлароқ, маҳалла аҳолиси мени ўз қизларидек яхши кўриб қолди, Ватаним олдидаги бурчимни фахр билан бажаришда давом эттириб келмоқдаман.
— Ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллангизда бир қатор тадқиқ ва сўровлар ўтказгансиз. Илтимос, уларнинг натижалари ҳақида бизга батафсил маълумот беринг, нималарни аниқладингиз?
— Хатлов жараёнида маҳалламизда ишсизлик даражаси ўрганилганида, бунинг сабаби сифатида маҳалладаги хотин-қизларнинг ҳеч қандай билим-кўникмага эга эмаслиги ва шу туфайли уларнинг ишсиз экани намоён бўлди. Аёллар билан суҳбатлашганимда, уларнинг текинга касб-ҳунарга ўқиш имконияти борлигини, уйдан чиқмай ҳам даромадга эга бўлиши мумкинлигини айтганимда улар менга ишонишди. Йил бошида 13 нафар аёл тикувчилик йўналиши бўйича касб-ҳунарга ўқитилди, буни кўрган бошқа ишсиз аёллар ҳам уйдан чиқмасдан туриб даромадли бўлиш мумкинлигига гувоҳ бўлишди, ўзлари қизиқтирган касб-ҳунарга ўқиш истакларини билдиришди. Бугунги кунга келиб маҳалламиздаги аёллар тикувчилик ишини бошлаб юборишган, ҳаттоки устозлик қилиб дарс бераётган аёлларимиз ҳам бор.
— Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишда қанақа ёндашувлар ишлаб чиқдингиз? Ушбу соҳаларда қандай чора-тадбирлар кўряпсиз ва амалга оширишни режалаштиряпсиз?
— Хатлов натижасида турли хил оилалар билан танишдим. Барча оилаларнинг ўз муҳити ва дунёқараши бор. Фуқароларнинг қизиқишлари, интилишларига қараб улар билан фикр алмашдим, керак бўлса, улар билан дўстлашдим, йўналишлар бўйича ўз маслаҳатларимни бердим. Камбағалликнинг асосий сабаби етарли малака ва билимнинг камлигида намоён бўлади.
Биз демократик давлатда яшар эканмиз, эркаклар ва аёлларнинг таълим олиш, ишлаш, меҳнат қилиш ҳуқуқлари ҳам тенг, аёллар учун қатор имкониятлар кўп, масалан, уларнинг таълим олишлари учун фоизсиз кредитлар ажратилиши, тадбиркорлик қилишлари учун хеч қандай гаров таъминоти талаб этилмасли ва бошқалар. Асосийси, уларга мотивация бериб, ишсиз аҳолининг онгига ҳаракат қилиш, яшаш учун курашиш, изланиш кераклигини сингидириш зарур. Натижада хотин-қизларда келажакка интилиш ҳиссини уйғота олдим ва кўплаб аёллар бепул касбга ўқитилди, кредит, субсидиялар ажратилди, уйда ўтирган ишсиз аёллардан тадбиркор аёллар шакллантирилди. Масалан, бир оилада 9 нафар фуқаро яшаса, битта эркак киши учун бу қийинчилик туғдириши мумкин. Йўқчилик эса оиладаги соғлом муҳит, тинчликнинг бузилишига биринчи сабаб бўлади. Уйда бекор ўтирган аёллар уй шароитида даромад топиши натижасида ҳозирги кунда оилалар камбағаллик даражасига келиб қолишини олдини олдик, деб бемалол айта оламан.
2023 йил учун аниқ режалар тузганмиз. Шулардан бири — маҳаллада бўш турган бинодан маҳалла фуқаролари учун турли хил йўналишда билим олиш мумкин бўлган ўқув маркази ташкил қилиш, имтиёзлар жорий қилиб, “Ёшлар”, “Аёллар” ва “Темир дафтар”да турадиган фуқароларни бепул касбга ўқитиш орқали барчани касб-ҳунарга йўналтириш.
— Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
— Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон халқнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Юртимизда аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлиги биринчи марта эълон қилинган кундан бошлаб уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги тизим — “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” жорий этилди. Ҳар бир хонадонни ўрганар эканман, фуқароларнинг ўзида ҳам озгина бўлса-да ҳаракат, тушуниш, изланиш, яратилган имкониятлардан фойдаланиш учун хоҳиш йўқлигидан гоҳида хафа бўлдим.
Маҳалламиз фуқаролари уйда тадбиркорлик билан бевосита шуғулланиб келган бўлса-да, тадбиркорлик субъекти ташкил қилмасдан иш юритганлигидан ҳадиксираб, эшигимни солиқ ходимларини тақиллатиб келмасмикан, деган саволлар билан яшаб келганига ҳам гувоҳ бўлдим. Фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш орқали рўйхатдан ўтиб, қўрқмасдан фаолиятини йўлга қўйиш мумкинлиги, бунда ўзини-ўзи банд қилган аҳоли топаётган даромадидан солиқ тўламаслигини тўғри тушунтира олдим. Бу тизим орқали кўплаб фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли минг-минглаб фуқароларимиз меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.
— Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
— Умумий қилиб айтадиган бўлсам, камбағалликнинг асосий сабабларидан бири бу — ҳаракатсизлик, дангасалик, келажакка интилмаслик, ўқишга бўлган иштиёқнинг йўқлиги деб биламан. Охир-оқибатда булар инсонни ботқоқликка етаклайди.
Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ўлчаш учун шундай ёндашув қўлланилганки, унга кўра, камбағаллар тоифасига аҳолининг кам даромадга эга бўлган, бироқ мустақил равишда, жамият ёрдамисиз ўзининг моддий аҳволини яхшилай олмайдиган қисми киритилган. “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилди.
Инсонда билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш ва камбағалларнинг таълимига инвестиция киритиш ривожланишнинг асосий омилидир. Ҳозирги кунга келиб ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифага мансуб фуқаролар учун моддий ва маънавий томондан барча шароитлар яратиб берилди.
Фуқароларга камбағалликдан чиқиш учун кўплаб имкониятлар, моддий ёрдамлар, ўз ишини бошлаб, оёққа туриб олиш учун субсидиялар, солиқ тўловларидан бир қатор имтиёзлар бериб келинаётган бўлса-да, бироқ бу имкониятдан ҳамма ҳам тўғри фойдаланмаяпти, яъни “Берсанг — ейман, урсанг — ўламан” деб боқимандаликни ўзига касб қилиб олиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Биз, аввало, ўзимиз ўзгарсак, ҳеч кимдан ҳеч нима талаб қилмай, ўзимиз ҳаракат қилсак – шундагина ривожлана оламиз. Камбағалга доим ёрдам бериш керак, деган тушунчани дангаса, боқиманда одамлар онгидан чиқара олсаккина, энг катта ютуқлардан бирига эришган бўламиз. Инсон айбни ўқитувчисидан, ота-онасидан, маҳалла раисидан эмас – аслида ўзидан қидириши керак. Хатосини тўғирлаб, ҳаракат қилишни бошласагина, камбағалликнинг келиб чиқиши даражаси пасаяди. Шунингдек, таълимга эътиборни оиладан кучайтириб бориш, оилада соғлом муҳитни яратиб бериш ҳам фаровон ҳаёт учун биринчи қадам ҳисобланади.
— Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
— Маҳаллага келганимда маҳалланинг Тахтакўприк кўчасига 6 ой аввал янги трансформатор олиб келинган, аммо ўрнатилиб, ишга туширилмаган эди. Маҳалла аҳолисининг қилган мурожаатлари натижасида ўтган йилнинг 14 март куни туман Электр тармоқлари корхонасининг янги раҳбари маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси иштирокида трансформаторни ишга тушириш учун темир-бетон таянчлар ўрнатиб беришни халқ ичида ваъда берди. Мен бу муаммо ҳал бўлмагунича, янги раҳбарни икки кун “тинч қуймадим”. Орадан икки кун ўтиб, 2022 йил 16 март куни маҳаллага темир-бетон таянчлар олиб келинди, эски трансформатор янгисига алмаштирилди.
Фуқаролар билан биргаликда ички йўлларни асфальт қилишни режалаштириб, ташаббусли бюджет лойиҳасининг 2022 йил иккинчи мавсумида ўз ташаббусимизни киритдик ва 1 млрд 200 млн сўм маблағни маҳалла кўчасининг 2 500 метр ички йўлларини асфальтлаш учун ютиб олдик.
“Яшил макон” дастури доирасида фуқаролар ва ҳомийлар ташаббуси билан маҳалланинг бўш турган ерларига мевали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, 2023 йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсумида кўчамизга трансформатор, бетон таянчлар ҳамда тунги ёритиш чироқлари зарур бўлганлиги сабабли 540 млн сўм ютиб олишга эриша олдик.
— Сиз маҳаллангизнинг иқтисодий ривожланишини энг яхши таъминлай оладиган асосий “ўсиш нуқталари” (драйверлари), тармоқ йўналишларини аниқлаш мақсадида сўров ўтказдингизми? Агар ўтказилган бўлса, ушбу сўров нимани кўрсатди? Бу ҳақда, шунингдек, аниқланган “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириш учун нима ишлар қилаётганингиз ҳақида кўпроқ гапириб беринг.
— Маҳаллаларнинг ўсиш нуқталарини аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, аниқлаб олдим. Ўзбекистон маҳалласида, асосан, хизматлар соҳаси ривожланган. Мисол учун айтадиган бўлсам, Fortuna food овқатланиш кафесида 48 нафар ходимлар фаолият юритади, улардан 32 нафари айнан шу маҳалла фуқаролари. Автомобилларга хизмат кўрсатиш соҳасида эса бизнинг маҳалла автосервисларининг алоҳида ўрни бор. 13 нафар тадбиркор томонидан ташкил этилган автосервис хизматлари халқ учун фаол режимда фаолият юритади. Хусусан, маҳалламизда тикувчилик йўналишида ҳам бир талай ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудда 4 та тикув цехи мавжуд бўлиб, уларда ишсиз аёллар ярим тайёр маҳсулотларни тикиб бериш орқали ўз фаолиятини йўлга қўйган.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Фуқароларни кредит олиш, ишга жойлашишида сарсон қилмасак, уларга вақтида хизмат кўрсата олсак, аҳоли томонидан бизга “рози қилиш” каби номаъқул таклифлар тушишини кутиб ўтирмасдан, ўз вазифамизни ҳалол бажарсак – ҳеч ким коррупцияга қўл урмайди, деб ҳисоблайман. Лекин жамиятимизда “сенинг отанг мени дўстим бўлган, мен учун шу кредитдан тезлаштириб бер”, “кел келишайлик, сени ҳам қуруқ қўймайман” дейдиган одамлар ҳам йўқ эмас. Биз, аввало, ўз нафсимизни жиловлай олишимиз, берилган ишончни оқлашимиз шарт. Шунингдек, жамоатчилик назорати ва шаффофлик ҳам коррупциянинг олдини олишга катта ёрдам беради.
— Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
— Фаолиятим натижасида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланди, деб айта оламан. Хусусан, ўтган вақт давомида маҳалла фуқаролари учун бўш турган собиқ супермаркет биносидан мақсадли фойдаланиш таклифини киритдим, натижада унинг ўрнида намунали хусусий болалар боғчаси, қўшимча савдо дўконлари, тикувчилик йўналиши бўйича кичик цех ташкил этилди.
Бундан ташқари, университетни тамомлаган талаба ёшларни иш билан таъминлаш учун ҳам ёрдам берилди. Бу ишларни бир ўзим қилмадим – маҳалланинг аҳил фаоллари ҳамиша мени қўллаб-қувватлаб келишди.
Биласизми, шу маҳалладаги фуқароларнинг ишончига кира олганим, улардаги самимият доимо олға интилишимда мотивация беради. Ҳаттоки, мени “...агарда сен юқори лавозимга кўтарилиб кетсанг ҳам, биз сени маҳалла депутати этиб сайлаб, баририб ўзимизда олиб қоламиз”, деган гаплари фаолиятим давомида эришган ютуқларимнинг энг каттаси деб эътироф эта оламан.
— Самимий жавоблар учун ташаккур!
Изоҳ қолдириш