Жазони ижро этиш муассасаларига ташрифларни ташкил этиш тартиби белгиланди 

Жазони ижро этиш муассасаларига ташрифларни ташкил этиш тартиби белгиланди 

Ҳукумат қарори (85-сон, 19.02.2021 й.) билан Дипломатик корпус, халқаро ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, республика ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ)га ташрифга рухсат олиш учун Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

Мурожаат у тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича мурожаат қилувчига ёзма (электрон) хабар юборилади.

Вакилларнинг ЖИЭМга ташрифи белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳафтанинг иш кунларида (душанба кунидан жума кунига қадар соат 09:00 дан 19:00 гача) амалга оширилади.

ЖИЭМга ташриф буюриш учун дипломатик корпус, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда хорижий ОАВ вакиллари Ташқи ишлар вазирлигига, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган ташкилотлар эса – Адлия вазирлигига тегишли мурожаатномани юборишлари лозим.

Мурожаатнома 5 иш кунида кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ЖИЭББга юборилади.

ЖИЭМ маъмурияти режалаштирилаётган ташриф тўғрисида тегишли хабар олганидан сўнг унинг белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йил 1 июнга қадар жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати Жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши тўғрисида вазифа қўйилган эди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар