Коронавирусга қарши курашда ким қандай муваффақиятга эришмоқда?

Коронавирусга қарши курашда ким қандай муваффақиятга эришмоқда?

Бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари коронавирус пандемиясининг эпицентрига айланиб қолди. Ушбу мамлакатда COVID-19 вирусига чалинган аҳоли сони 300 мингдан ошди ва дунё бўйлаб энг юқори кўрсаткичга эга. Хусусан, АҚШда бу кўрсаткич Испания ва Италияга нисбатан 2,5 баробар, Германия, Франция ва Хитойга нисбатан 3,5-4 баробарга кўп. Ушбу вирусдан вафот этганлар сони АҚШда 10 мингга, бутун дунё бўйича 70 мингга яқинлашди. Жорий йил март ойининг охирги кунларида эълон қилинган эпидемиология моделига кўра, келаси ойларда коронавирус миллионлаб одамларни қамраб олиши, ўлим ҳолатлари 100 мингдан ошиб 240 минггача бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. 75 мингдан ошиқ одамда вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилган Нью-Йорк штатидаги шифохоналар беморлар билан тўлиб-тошиб кетган, ўпкани сунъий шамоллатувчи вентиляторлар ва энг зарур тиббий анжомлар ва шахсий ҳимоя воситалари етишмаяпти. Нохуш башоратларга кўра, вирус ҳали энг авж тарқалиш палласига етмади ва жаҳоннинг бир қанча мамлакатларида вазият янада ёмонлашиши мумкин.

2 апрель куни Foreign Policy нашрида эълон қилинган The Countries That Are Succeeding at Flattening the Curve номли мақолада коронавирусни енгишда Хитойдан ташқаридаги ҳудудларда – Тайвань, Жанубий Корея, Канада, Исландия, Швеция ва Грузия каби мамлакатларнинг муваффақиятли тажрибаси ҳақида сўз юритилади. Қуйида ушбу давлатлар эришган муваффақиятларнинг қисқача таҳлилини юқорида келтирилган мақола ҳамда жаҳон ОАВларида эълон қилинган хабарлар ва интервьюлар баёни асосида Uzanalytics.com сайти маълумот тақдим этмоқда.

Америка лоқайдлик қилди, Жанубий Корея эса ақл билан иш кўрди

Пандемия шароитида АҚШ президенти Доналд Трамп ва дунёнинг бошқа мамлакатлари раҳбарлари коронавирус дастлаб пайдо бўлган Хитой билан чегараланиб қолмаслиги аниқ бўлгандан кейин ҳам унинг олдини олиш учун кеч ва бефойда чоралар кўргани учун танқидга учради. Тайван, Сингапур, ва Жанубий Корея сингари мамлакатлар инфекция геометрик прогрессия йўли билан тарқалиши олдини ола билгани учун нисбий муваффақиятга эришган мамлакатлар сифатида эълон қилинди. Мамлакатлар бир ойлик буҳронга тайёргарлик кўраётган пайтда, ушбу мақолада дунёдаги мамлакатлар шу пайтгача COVID-19 вируси таҳдидига қандай жавоб қайтарганига оид сўнгги ҳафталарда эълон қилинган энг яхши мақолалар ва интервьюлар баёни жамланди.

БМТ Тайванни тан олмайди

Тайванда илк коронавирус юқтирганлик ҳолати 21 январда қайд этилган эди, бироқ 6 апрель ҳолатига кўра, вирус юқтирганлар сонини атиги 373, вафот этганлар эса 5 киши билан чеклашнинг уддасидан чиқа олди. Мамлакат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) аъзо эмас, чунки аъзолик одатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатларга берилади, лекин БМТ Тайванни тан олмайди. Ҳилтон Йип (Hilton Yip) 16 мартда ёзишича, унинг ҳукумати Уханда пайдо бўлган сирли касаллик ҳақида хабарлар тарқалиши биланоқ олдини олувчи чоралар кўра бошлади. Материкдаги Хитойдан 160 километр узоқликда жойлашган Тайван 31 декабрдаёқ Ухань шаҳридан келаётган сайёҳларни текширишни йўлга қўйди, ўзини-ўзи карантинга олган кишиларни кузатиш тизимини ишга солди, январь ойидаёқ тиббий жиҳозлар ишлаб чиқаришни кўпайтира бошлади. (Тайван шу пайтгача тиббий анжомлар, хусусан, тиббиёт ниқоблари экспортини қайта йўлга қўйгани йўқ.)

Дастлаб Хитойдан ташқарида энг кўп вирус тарқалган Жанубий Корея ҳукумати ҳам ҳеч қандай қаттиқ изоляция режими жорий қилмасдан янги коронавирус тарқалишини сусайтиришга муваффақ бўлди. Дэви Сридҳар 23 мартда таъкидлагани бўйича, мамлакатнинг оммавий текширув ўтказиб, ташхис қўйишдай намунали модели касаллик тарқалишини жиловлашнинг ягона усули бўлди. Бошқа мамлакатлар сабоқ сифатида Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибасини ўрганиши керак. 51 миллион аҳолига эга Жанубий Кореяда алоҳида ажратилган жойларда ҳар куни 20 мингдан ошиқ киши тиббий кўрикдан ўтмоқда, ЖССТ тавсия қилганидай, касаллик юқиши занжирини узиб ташлаш учун изоляция қилишдан ва контактларни кенг кузатиш усулидан фойдаланилмоқда. “Жанубий Корея ушбу модель қандай қилиб пировардида касаллик тарқалишини камайтириш, тиббиёт хизматларига бўлган босимни бартараф қилиш ва дунёдаги ўлим ҳолатларининг энг паст кўрсаткичларидан бирини сақлаб қолиш билан ўзини оқлаётганини намойиш этмоқда”, деб ёзди Сридҳар.

Канада Ғарб мамлакатлари ичида ажралиб турди

Жастин Ланг 13 мартда ёзишича, Ғарб мамлакатлари орасида Канада қўшни Қўшма Штатларга нисбатан кенг қамровли тиббий текширувларни йўлга қўйган. Канада январь ва февралда тест ўтказиш ва касаллик юқтирган кишилар билан контакт қилганларни кузатиш бўйича инфратузилма яратишга киришди. Бундай олдиндан тайёргарлик кўришга мамлакат 2003 йил SARS вируси кенг тарқалган пайтда орттирилган тажриба сабаб бўлди. (Ўша пайтда ушбу вирусни юқтириш оқибатида Осиё қитъасидан ташқарида фақат Канадада ўлим ҳолатлари қайд этилган эди.) Канадада яхши молиялаштириладиган ижтимоий соғлиқни сақлаш тизими мавжуд, шу сабабли у ердаги COVID-19 вирусини юқтирганлик ёки юқтирмаганлик учун тиббий текширувдан ўтиш мезонлари Қўшма Штатлардагига ўхшаш чекланган эмас.

“Канада ушбу вазиятга тайёргарлик кўриш учун сўнгги 20 йилни сарфлади. Ушбу мамлакат шубҳали ҳолатларни дастлабки босқичида аниқлаб ва қаердан келиб чиққанини суриштириб, шу пайтгача вирус таъсирини жиловлашга эришиб келмоқда", деб ёзади Линг.

Муваффақиятлар кутилмаганда келди

Айрим муваффақиятларга кутилмаганда эришилади. Foreign Policy журнали ходими Эми Маккиннон (Amy Mackinnon) Грузия Don’t Touch Your Face подкасти билан ушбу вирус тарқалишига вақтида муносабат билдирганини қайд этади. Кичиклиги ва иқтисодий аҳволи мураккаблигига қарамай, Грузия февраль охирига келиб, мактабларни ёпиш, кенг қамровли тиббий текширувлар ўтказишдай жиддий чоралар кўра бошлади. Ушбу мамлакатда шу пайтгача 188 та COVID-19 юқтирганлик ва 2 та ўлим ҳолати қайд этилган.

“Назаримда, ҳукумат вазиятни аввалбошдан жиддий қабул қилгани ёрдам берди”, деди грузиялик журналист Наталия Антелава (Natalia Antelava) Маккиннонга.

Грузиядаги бошқа кишиларнинг ҳам фикри шундай.

“Мамлакат инқирозларга кўникиб қолган, фуқаролар урушини ва Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг 90-йилларда қийин даврни бошидан кечирган”, деди Антелава.

Маккиннон яна исландиялик журналист Елена Сирикдан (Jelena Ciric) ҳам интервью олди. Ушбу мамлакат аҳоли жон бошига нисбатан тиббий текширув ўтказганлик ҳолати бўйича дунёда энг юқори ўринда туради. Бу ишни Рейкявикдаги хусусий тиббий тадқиқотлар компанияси амалга оширди. Ушбу тадқиқотдан пандемияга қарши глобал жавоб чораларини ахборот билан таъминлашда

фойдаланилади.

“Бу бизга Исландия аҳолиси ўртасида вирус қандай тарқалаётганига оид аниқ манзарани кўрсатиб беради. Вирус юқтириш эҳтимоли юқори бўлган кишиларнинг карантинга солишдай эрта чоралар кўрилгани натижасида у кенг тарқалиб кетмади”, деди Сирик.

Швеция мардона туриб бермоқда

"Европадаги кўпгина мамлакатлар изоляция ҳолатида, бироқ бу Швецияга тегишли эмас, мамлакат аҳолиси вируснинг кенг тарқалиш эҳтимолига қарамай, мардона туриб бермоқда. У ерда коронавирусга чалинганлар сони 7 мингга яқинлашгани қайд этилган бўлсада, лекин ҳукумат шведларни бошқалардан ажратиб турувчи юксак ишонч маданияти сабаб одамлар буйруқ олмасдан туриб ҳам масъулият билан иш тутишга умид қилмоқда", деб ёзди Натали Ротшилд (Nathalie Rothschild) 24 мартда Стокголмдан юборган хабарида.

“Ватандошлар шахсий жавобгарликни зиммасига олиб, мажбурламасалар ҳам одамлар тўпланган жойга бормайди ва уйда ўтириб ишлайди, жамоат транспортида бошқалар билан оралиқ масофани сақлайди деган умид бор”, деб ёзди у.

Сўнгги икки ҳафтада бу ҳисоб-китоб қанчалик ўзини оқлаши ёки оқламаслиги маълум бўлади.

Эрон статистикасига шубҳа билан қаралмоқда

Эрондаги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ статистика маълумотларига жиддий шубҳа билдирилмоқда. У ерда 6 апрель ҳолатига кўра 58 мингдан ортиқ коронавирус юқтирганлик ва 3600 дан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган. Ҳақиқий рақамлар Эронни коронавиус энг кўп тарқалган мамлакатга айлантириши ҳам мумкин, дея таъкидлайди Майсам Баҳраваш (Maysam Behravesh). Январда Хитойда коронавирус юқтирганлик ҳолатлари кўпайиб бораётган пайтда ҳам Эрон ҳукумати амалдорлари икки мамлакат ўртасидаги борди-келдини чекламади, диний зиёратгоҳлар шаҳри бўлмиш Қумда COVID-19 вирусини юқтирганлик ортидан дастлабки ўлим ҳолатлари қайд этилмагунча, у тарқалиб кетганини эълон қилишни пайсалга солиб келди. Вирус юқтиргани сабаб қўплаб юқори лавозимли амалдорлар ҳам вафот этди. Баҳраваш Эроннинг вирус тарқалиши олдини ола билмаганини қисман мутахассислар унинг нима эканини тушунмагани билан изоҳлади.

"Эрон ҳукуматининг аҳоли саломатлигига коронавирус солаётган хавфни умуман писанд қилмагани унинг бундай хавф табиатидан мутлақо бехабарлигидан келиб чиқади", деб ёзади Майсам Баҳраваш

.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар