Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тугатилди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тугатилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4938-сон қарорининг 16-бандига асосан 2021 йил 1 январдан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тугатилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қарорга асосан, Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳамда жамғарманинг жорий йил охирига қолдиқ маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сон Фармонига асосан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган эди.

Жамғарма даромадлари сифатида 13 400 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилди. Жумладан:

1 678 млрд.сўм давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига, 11 722 млрд.сўм халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига.

Жамғарма ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукумати ва Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси топшириқларига асосан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш тадбирларига жами 13 040 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди ҳамда 2020 йилнинг 31 декабрь куни охирига 12 827 млрд.сўми ўзлаштирилди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар