«Президент гранти» стипендияси ва «Қизлар учун махсус стипендия» жорий этилади

«Президент гранти» стипендияси ва «Қизлар учун махсус стипендия» жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг Олий таълим муассасаларида «Президент гранти» стипендияси ва «Қизлар учун махсус стипендия» жорий этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Белгиланишича, ОТМга киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, тўплаган балига нисбатан қўшилган балл ҳисобланмаган ҳолда татбиқ этилади.

2021/2022-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари кундузги бўлимига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун бутун ўқиш даври давомида «Президент гранти» стипендиясини жорий этиш ва аъло баҳоларга ўқиётган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган қизларни моддий қўллаб-қувватлаш учун ойма-ой тўланадиган «Қизлар учун махсус стипендия» тайинлаш кўзда тутилган. Бунда, уларга ОТМ томонидан белгиланган амалдаги стипендия миқдорлари сақлаб қолинган ҳолда қўшимча тарзда базавий стипендия миқдорида махсус стипендия белгиланади.

Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабалар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари танлов натижалари эълон қилинган кундан сўнг 10 кун муддатда Давлат тест маркази томонидан тасдиқланган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига олий таълим муассасалари кесимида тақдим этилади.

Президент гранти соҳиби бўлган биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри мобайнида Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлган (курс иши, курс лойиҳаси, амалиёт ва харбий тайёргарлик учун олган баҳолар бундан мустасно) талабаларга Президент стипендиясини тўлаш давом эттирилади.

Ўқув семестри натижаларига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳиби бўлган талабаларга келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда ўзлаштираётган талабаларга белгиланган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Навбатдаги ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлган, даставвал Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабаларга Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия қайта тайинланади ва тўланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар