Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Мазкур қарор лойиҳасида давлат харидларига оид маълумотларни очиқлаш юзасидан тегишли дастурий мажмуалар ўртасида ўзаро маълумот алмашинувини таъминлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2022−2025 йиллар мобайнида Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш Стратегияси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, давлат харидлари бўйича электрон савдоларда хорижий етказиб берувчилар иштирокини таъминлаш орқали соҳада кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида хорижий етказиб берувчилар учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Давлат активларини бошқариш агентилиги томонидан корпоратив буюртмачилар рўйхатини шакллантириш ва уни юритиш чоралари кўрилиши белгиланади.
Қарор лойиҳасига мувофиқ, президент фармонлари ва қарорларида, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида давлат харидини тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилса, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМнинг йигирма беш минг баравари (6 млрд 750 млн сўм) миқдоридан ошган ҳолларда шартнома ва шартномага оид қўшимча келишувлар Комплекс экспертиза қилиш марказида комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим. Бюджет буюртмачилари учун бу миқдор БҲМнинг олти минг баравари (1 млрд 620 млн сўм) миқдорида белгиланиши кўзда тутилган.
Президент қарори лойиҳасида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини қиқсқартириш ҳам назарда тутилган. Амалдаги рўйхатга мувофиқ 42 та позиция бўйича шартномаларни тендерсиз тузиш мумкин бўлса, ушбу қарор қабул қилингач, бу рўйхат 28 тагача қисқаради.
Ушбу рўйхатга асосан тузилган шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар суммасидан қатъий назар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказилмаслиги таъкидланган.
Тўғридан-тўғри шартнома бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари рўйхатидан чиқариб ташланиши кутилаётган бандлар:
- Қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг алоҳида махсус савдо майдончаларидаги электрон (биржа) савдолари натижаларига кўра харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар).
- Маданий-оммавий тадбирларга чипталар.
- Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати госпиталлари; даволаш-профилактика ва таълим муассасалари; меҳмонхона ва ресторан хизматлари кўрсатиш; мурувват ва ногиронлар уйлари; меҳрибонлик уйлари ва интернатлар; қариялар уйлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш.
- Шартнома бўйича унинг умумий бошланғич суммасининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдордаги қўшимча иш ва хизматларни амалга ошириш учун харажатлар.
- Таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик жамламаларни нашр этиш (қайта нашр этиш) учун мўлжалланган қоғоз ва бошқа сарфлаш материаллари.
- Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларда фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозлар.
- Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактаблари учун электрон ҳисоблаш ускуналари, ўйинлар ва ўқув-машқ йиғинларини таҳлил қилиш дастурий таъминот ва ускуналар, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси талаблари бўйича футбол тўплари, спорт кийимлари ва экипировкалар ҳамда футбол учун оёқ кийимлар.
- Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига, шу жумладан хорижий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хусусийлаштириладиган ёки хўжалик жамиятларининг устав фондларига давлат улуши сифатида ўтказиладиган давлат активларини баҳолаш хизматлари.
- Давлат акциялар (улушлар) пакетларини сотиш ҳамда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO (SPO) бўйича эмиссияларни жойлаштириш учун жалб қилинадиган инвестиция воситачилари, маслаҳатчилари, шу жумладан хорижий маслаҳатчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига кўрсатадиган хизматлари.
- Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотлар томонидан етиштирилган кўчат ва ниҳоллар.
- Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини тарғиб қилишга йўналтирилган хорижий компанияларнинг продюсерлик ва реклама хизматлари, хорижий телерадиокомпаниялар ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг рекламалар, репортажлар ва бошқа роликларни тайёрлаш ва трансляция қилиш бўйича хизматлари.
- Техник тартибга солиш соҳасидаги миллий норматив ҳужжатлар, давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги хорижий норматив ҳужжатларни мослаштириш.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси, музей ва кутубхона фондларини шакллантириш мақсадида хорижда ва Ўзбекистонда тайёрланадиган экспонатлар, санъат асарлари, суратлар, ҳайкаллар ва бюстлар, гиламлар, матолар, қўлёзмалар ва нашр асарлари нусхалари, хариталар, паннолар, стендлар, видео-аудио ва юқори технологик намойишлар учун материалларнинг хариди.
- Монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни харидорларга аффилланган шахс бўлган ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналарнинг автотранспортда ташиш хизматлари.
Изоҳ қолдириш