Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сабзи нархи тушиши кутилаётгани ҳақида хабар берди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сабзи нархи тушиши кутилаётгани ҳақида хабар берди

Ўзбекистон вилоятларида эрта баҳордаги совуқ об-ҳаво туфайли тўлиқ етилиши деярли бир ойга кечиккан эртаки сабзи ҳосилининг йиғим-терим ишлари бошланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Оммавий терим ишлари июль ойининг дастлабки кунларига белгиланган. Бу бозорни янги сабзи билан тўлиқ таъминланишига ва ушбу сабзавот нархининг тушишига олиб келади”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2021 йилда умумий ҳисобда 124,4 минг га майдонда (ўтган йилдагига нисбатан 18,2 минг га кўпроқ) сабзи экиш режалаштирилган. Ҳаммаси бўлиб 2,3 млн тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланмоқда.

Мамлакат аҳолисининг сабзига бўлган 1 йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил этади. Етиширилган сабзи ҳосилининг қолган ҳажми экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилади. Қиш-баҳор мавсумида аҳоли истеъмолини таъминлаш мақсадида 400 минг тоннадан зиёд сабзи захира қилинади.

Аввалроқ сабзи нархининг нима сабабдан ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар