USAID қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун 1 млн. доллар ажратди

USAID қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун 1 млн. доллар ажратди

20 август куни Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Агробизнесни ривожлантириш дастури орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ўзаро Англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва USAID`нинг баёнотида келтирилган.

Англашув меморандумини имзолаш маросимида қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев АҚШ элчихонасининг муваққат ишончли вакили Пол Политис ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит иштирок этди.

USAIDнинг 18,9 млн АҚШ долларига баҳоланган 2020 йилда йўлга қўйилган лойиҳаси 5 йилга мўлжалланган бўлиб, агробизнесни ривожлантириш бўйича ташаббусларни кучайтиришга ва аввалги «Қишлоқ хўжалигидаги қўшилган қиймат занжири» лойиҳаси ютуқларини кенгайтиришга йўналтирилган.

«Ўн йилдан зиёд вақт мобайнида USAID Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектори билан юқори қийматли товарларни яратиш мақсадида қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда, деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. Ушбу келишув мамлакатда олиб борилаётган ҳамкорликдаги фаолиятимизни янада мустаҳкамлайди ва ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига чакана савдода, маҳаллий ҳамда халқаро бозорларга чиқишда рақобатбардошликни оширишга ёрдам беради».

Лойиҳа қишлоқ аёлларининг ахборот технологиялари борасидаги ва тадбиркорлик кўникмаларини такомиллаштириш, уларга тижорат корхоналарини очиш ва маҳаллий корхоналарга расмий ишга жойлашишларига кўмаклашишга қаратилган. Лойиҳа доирасида бутун Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хўжалиги хусусий корхоналарининг инновацион ғояларини биргаликда молиялаштирадиган Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси ўз фаолиятини бошлаган.

Тадбир давомида USAID Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида банд бўлган аёлларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 млн АҚШ доллари ажратишини маълум қилди. Ушбу маблағлар қишлоқ аёлларининг ахборот технологиялари борасидаги ва тадбиркорлик кўникмаларини такомиллаштириш, уларга тижорат корхоналарини очиш ва маҳаллий корхоналарга расмий ишга жойлашишларига кўмаклашиш учун тасарруф этилади.

«Биз АҚШ ҳукуматининг қишлоқ хўжалигига техник ёрдам кўрсатиш, агро-озиқ-овқат тизимларининг ишлаб чиқариш ва сотиш занжирлари салоҳиятини ривожлантириш борасидаги кўмагини жуда қадрлаймиз. Биз қишлоқ хўжалигида давлат бошқарувининг замонавий тизимини ва қулай агробизнес муҳитини яратишга интилмоқдамиз», деди Жамшид Ходжаев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар