Тожикистондаги "Сарез" кўли ва унинг атрофидаги муаммолар, хавотирлардан кимлардир хабардор бўлиши ва кимлардир у ҳақда эшитмаган бўлиши мумкин.
"Сардоба" сув омборида юз берган офат ва унинг оқибатлари бизни "Сарез" кўли муаммосига қайтишга, унинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида жиддийроқ ўйлашга даъват этади. Солиштириш учун текисликда жойлашган "Сардоба" сув омборининг сув сиғими 930 миллион кубометр, яъни 0.93 километр куб бўлса, Тожикистонда тоғларнинг чўққисида ҳосил бўлган ва Ўзбекистон томонга қараб ёрилиш эҳтимоли бўлган "Сарез" кўлининг ичида 17 километр куб, яъни "Сардоба"дагидан 18 марта кўп сув тўпланган. Орол денгизи тўлиқ бўлган пайтларда ичида 68 километр куб сув бор бўлган.
"Сардоба"нинг суви ёрилиб чиқиб, текис йўл билан Ўзбекистон ва Қозоғистондаги бир нечта туманларни босиб, ҳозирга қадар иккала тарафдан 100 000 дан ортиқ инсонларни кўчирилишига сабаб бўлган бўлса, худо кўрсатмасин, қаттиқроқ зилзила юз бериб, "Сарез" кўлининг суви чиқиб кетадиган бўлса, у тоғлар тепасидан дахшатли тезликда пастга оқиб тушиб, Амударё оқимига қўшилиб, ўз йўлида Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги бир нечта вилоятларни босиб кетиши мумкин.
"Сарез" кўли муаммоси турли сабабларга кўра ҳал қилинмай келаётган бўлса ҳам у олимлар томонидан етарлича ўрганилган. Хавфдан огоҳлантириб келаётган олимлар кўл суви чиқиб кетган тақдирда унинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида турли эҳтимолий сценарийларни ишлаб чиққанлар. Мен ушбу сценарийлардан менинг назаримда эҳтимоли юқорироқ бўлган бирини сизларга тақдим этмоқчиман.
Кичик тарих
Маълумот учун, 1911 йилда юз берган зилзила натижасида Мурғоб дарёсининг йўли тўсилиб қолиб, тоғларнинг орасида, денгиз сатҳидан 3255 метр баландликда сув йиғила бошлаган. Ҳозирга келиб, 100 йилдан ортиқ давр мобайинида йиғилган сувнинг ҳажми 17 км кубдан ортиб кетган. Кўлнинг узунлиги 70 километрга чўзилиб, унинг чуқурлиги 500 метрга якин.
"Сарез" кўли жойлашган ҳудуд сеисмик зонада жойлашган ва у ерда тез-тез ер қимирлаб туради. Сўнгги маълумотларга кўра, 100 йил давомида юз берган зилзилалар натижасида кўлнинг айнан Ўзбекистонга қараган томонидан ёриқлар ҳосил бўлган. Бу дегани қаттиқроқ зилзила юз берса, сувнинг йўлини тўсиб турган қоя ёрилиб, кўл сувининг чиқиб кетиш хавфи баланд.
Эҳтимолий сценарий
Худо кўрсатмасин, агар барчамиз қўрққан офат юз берса, кўлнинг суви қаерга кетади? Сув шиддат билан тоғ тепасидан пастга қараб оқиб, дастлаб Тожикистон ҳудудидаги қишлоқ ва шаҳарларни босиб, Сурхондарё ҳудудларигача етиб боради ва 17 км куб ҳажмдаги сув ўз йўлида учраган дарахтлар, уйлар, одамларни оқизиб келиб, Амударёнинг ўзанига қўшилиб олади. Ундан кейин сув дарё ўзани орқали Туркманистон ҳудудларида катта тезликда оқиб бориб, Хоразм вилоятига етиб боради. Хоразм вилояти Амударёнинг чап қисмида, яъни дарё сатҳидан қуйида жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Бу дегани, катта ҳажмдаги сув ўз йўлида деярли бутун Хоразм вилоятини босиб, Орол денгизига олиб кетади.
Агар "Сарез" кўли ростдан ёрилиб кетадиган бўлса, унинг ичидаги сувнинг Тожикистондан Оролгача етиб бориши 1-4 кун орасида юз бериши мумкинлиги айтилади. Яъни агар офат юз берадиган бўлса, сув оқиб бориши мумкин бўлган ҳудудлардаги 5 миллиондан ортиқ аҳолини бутунлай хавфсиз жойларга кўчириш учун вақт етарли бўлмаслиги мумкин ва "Сардоба"даги вазият унинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолиши мумкин.
Ечимлар ва чоралар ҳақида
Сарез муаммоси шунчалик долзарб экан, нима сабабдан у мауммо 100 йилдан бери ҳал қилинмай келган? Бунинг сабаблари кўп. Собиқ совет иттифоқи даврларида кўлга бир неча бор экспедициялар юборилган ва хавфнинг мавжуд эканлиги тасдиқланган. Бироқ кўл тоғнинг чўққисида жойлашганлиги ва у ерда улкан миқдорда сув тўпланганлиги сабабли уни ечиш учун улкан молиявий, илмий-техник воситалар керак бўлган. Бундай серҳаражат ва бош оғриқли лойиҳани амалга ошириш учун албатта давлат раҳбарлари даражасида сиёсий ирода ҳам керак бўлган.
Шу сабабдан, муаммони ҳал этиш доим ортга суриб келинган.
Мустақиллик йилларида бир томондан Тожикистоннинг сиёсий ва иқтисодий аҳволи бу муаммони ечишга имкон бермаган бўлса, бошқа томондан ўзбек-тожик муносабатларининг яхши бўлмаганлиги муаммони биргаликда ечиш имкониятини йўққа чиқарган.
Ҳозирга келиб, Тожикистон билан алоқаларимиз яхши ва агар барча воситалар ишга солинса, муаммони биргаликда ҳал қилиш имкониятлари мавжуд.
"Сарез" кўлининг сувини икки хил мақсадда ишлатиш кўзда тутилган:
- Кўлнинг сувини дренажлар (сўрдириб олиш) ёрдамида чиқариб олиб, сунъий канал қазиб, Амударёгача олиб келиб, уни Орол денгизига юбориш.
- Кўлнинг суви чучук сув бўлганлиги сабабли уни дренажлар ёрдамида чиқариб олиб, сув қадоқлаш заводлари ташкил қилиб, сувни аҳолига ичимлик суви қилиб сотиш.
Иккала сценарий ҳам жуда қиммат ва мураккаб ҳисобланиб, уларни амалга оширишда хатоларга, айниқса сиёсий хатоларга йўл қўймаслик керак бўлади.
Биринчи сценарий муаммони тезроқ ва самаралироқ ҳал қилиши мумкин, бироқ у "инсонпарвар" чора бўлганлиги сабабли сувни "Сарез"дан Оролга олиб бориш лойиҳага пул тикувчилар учун фойдали бўлмаслиги мумкин. Бу чорани молиялаштиришдан Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ўзлари ҳам манфаатдор бўлмасликлари мумкин. Яъни бу лойиҳани амалга ошириш энг тўғри чора бўлса ҳам унинг амалга оширилиш эхтимоли камроқ.
Иккинчи сценарий узоқ муддатларда иқтисодий томондан ўзини оқлаши ва шу сабабдан сармоядорларни жалб этиши мумкин, аммо "узоқ муддатлар" зилзила ва офат юз беришининг олдини олмайди. "Сарез" муаммоси аслида 5 миллион инсоннинг тақдири билан боғлиқ бўлгач, бу иқтисодий лойиҳа фойдали бўлса ҳам бош мақсадга хизмат қилмайди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистон тарафи айнан иккинчи чорани танлаган ва уни амалга ошириш учун чет эллик сармоядорларни жалб этган. "Сарез" кўли Тожикистон ҳудудининг ичида жойлашганлиги бу лойиҳага Ўзбекистонни жалб этилмаганлигини тушунтириши мумкин, бироқ бу лойиҳани амалга ошириш Хитой тарафига топширилганлиги бизни янада ҳушёрликка чорлаши керак. Зеро, "Сарез" кўлидай тақдиримизни ҳал қилиши мумкин бўлган стратегик объектни минтақада сиёсий амбицияларга эга бўлган давлатга топшириш геосиёсий хато бўлиши мумкин. Ўзи бундай улкан лойиҳаларни Хитой, Россия, АҚШ каби сиёсий, геосиёсий ва империалистик ниятларга эга бўлган давлатларга ишониш хато қарор деб ўйлайман. "Сарез" кўли, АЭС қурилишига ўхшаган давлат тақдирига даҳлдор лойиҳаларга сиёсий амбицияларга эга эмас ёки ундай имкониятларга эга бўлмаган жанубий Корея, Япония каби ёки Европанинг бирон давлати орқали амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Нима бўлган тақдирда ҳам "Сардоба" фалокати бизга сабоқ бўлиши керак ва "Сарез" кўли муаммосига янада жиддийроқ ёндашишимиз керак. Акс ҳолда, барчамиз қўрққан офат юз берадиган бўлса, оқибатларни хайриялар билан бартараф эта олмаслигимиз мумкин.
Дониёр Рўзметов, Франция
Манба: Human.uz
Изоҳ қолдириш