Саудия Арабистонида бўлиб туриши доирасида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Мадина шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Мадина минтақаси амири шаҳзода Файсал бин Салмон ал-Сауд билан учрашди.
Учрашувда инвестициявий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ўрганилди. Хусусан, Самарқанд ва Мадина шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Подшоҳ Файсал номидаги Исломшунослик маркази билан Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг салоҳияти ҳам қайд этилди.
Делегация аъзолари бир қатор саноат ва маданият масканларида бўлди. Жумладан, бизнес-инкубаторга ташриф давомида аҳолини ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг ҳаёти ва Ислом цивилизацияси халқаро музейи зиёрат қилинди ва у ерда Саудия Арабистони томони маданий ва тарихий меросни тарғиб қилишда инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича эришилган ютуқларни тақдим этди.
Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш