Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тасдиқлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни тасдиқлади

19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибидаги дастлабки масала — янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси бўлди. Депутатлар 5-6 май кунлари бўлиб ўтган палата мажлисида қонун лойиҳасини моддама-модда, бобма-боб муҳокама қилган эдилар. Муҳокама давомида бир неча моддалар юзасидан бир фикрга келинмаганлиги сабабли улар устида ишларни давом эттириш ҳамда келгуси мажлисда ана шу моддалар атрофида тўхталиб ўтишга келишган эди.

Шундан сўнг масъул қўмита барча фракциялар, депутатлардан тушган таклиф ва мулоҳазаларни жамлаб, мутахассис ва экспертлар иштирокида қонун лойиҳаси устидаги ишларни давом эттирди.

Хусусан, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳадан идоравий руҳдаги бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш оқибатида 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилди. Ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига киритилган 7 та моддадан бутунлай воз кечилиб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи 9 та янги модда киритилди.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. Бу эса, ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳада амалдаги қонунда, умуман, қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидалар — юртимизда ёшидан қатъий назар, катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари ҳам қонун билан мустаҳкамланяпти.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар