2021 йилда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратилади

2021 йилда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратилади

Депутатлар таклифига кўра, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм, «Эл-юрт умиди» фондига қўшимча 32,5 миллиард сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Мажлисда депутатлар келажак ворисларининг тарбия ўчоғи-мактаблар ва таълим-тарбия масалаларига йўналтираётган бюджет маблағларини кўпайтириш имкониятларини қайта кўриб чиқишни тавсия этдилар. Жумладан, мактабларда бошланғич ҳарбий тайёргарлик соҳасига мутасаддилик қилаётган директор ўринбосарлари моддий таъминотини бошқа ўринбосарларга тенглаштириш, санъат йўналишида ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган қўзи ожиз ногиронлиги бўлган ўқувчиларни тўловсиз таълим олишини таъминлаш, мактаблар қайта қурилиши ва таъмирланишига ажратилаётган маблағларни кўпайтириш масалаларига жиддий манфаатдорлик билан ёндашди.

Депутатлар кўтарган ҳар бир муаммо юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари батафсил ва талабларни қондириш мазмунидаги жавобларни берди. Айниқса, мактаблар кесимидаги маблағларни кўпайтириш ҳақидаги ахборот, қўзи ожиз ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг таҳсил олишини тўловсиз тартибга ўтказиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланиш арафасида экани тўғрисидаги жавоблар депутатлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Давлат бюджети даромадларининг манбалари ва харажатларини таҳлил қилиш натижасида давлат дастурлари доирасида ажратилиши лозим бўлган маблағларни 2021 йил бюджетида акс эттиришга эришилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом овқатланишини, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш харажатларига 63,4 миллиард сўм, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, келгуси йилларда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан келадиган тушумларни алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи каби ҳудудларга республика аҳолисидаги улушига мувофиқ тақсимланишини ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалдаги солиқ имтиёзларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва уларни бекор қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига муддатидан бироз кечиктириб киритилиши ишларни қизғин жадвал асосида олиб боришни тақозо этди. Ҳар бир қўмита ва фракция йиғилишларида Ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик раҳбарлари барча саволларга ечим топилишига кўмаклашдилар, юзлаб таклиф ва саволлар кўтарилди ҳамда улар лойиҳанинг тугал вариантида ўз аксини топди.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ҳамда Сенатга юбориладиган бўлди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар