Уйдан туриб кредит тарихини текшириш имконини берадиган янги сервис ишга туширилди

Уйдан туриб кредит тарихини текшириш имконини берадиган янги сервис ишга туширилди

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жисмоний шахслар учун онлайн режимида ўз кредит тарихини билиш имконини берадиган янги сервис ишга туширилди. Бу ҳақда Buxgalter.uz маълумот берди.

Хизмат Кредит-ахборот таҳлилий маркази томонидан тақдим этилади.

Ўз кредит тарихингизни билиш учун My.gov.uz орқали:

  1. OneID сервиси орқали рўйхатдан ўтинг ёки киринг.
  2. “Молия ва банк” бўлимида “Кредит тарихини олиш” хизматини танланг.
  3. Ариза берувчининг сўровномасини тўлдиринг.
  4. Киритилган барча маълумотларни текширинг ва смс-хабарнома келадиган телефон рақамини тасдиқланг.
  5. Бир неча сония давомида кўрсатилган рақамга буюртма рақами билан хабарнома келади, My.gov.uz даги шахсий кабинетда эса кредит скоринг натижалари билан файл пайдо бўлади.

Кредит-ахборот таҳлилий маркази томонидан тақдим этилган ахборотда қуйидаги маълумотлар сақланади:

- қарз олувчининг (ариза берувчининг) идентификация маълумотлари;

- берилган, маъқулланган, рад этилган буюртмалар, шартномалар ва кредит мажбуриятлари, кредит тўловлари бўйича муддат ўтказиб юборилганлиги, ҳисобланган пеня ва ариза берувчини “қора рўйхатга” киритган ташкилотлар бўйича умумий шарҳ;

- сўровга ишлов бериш пайтида Кредит-ахборот таҳлилий маркази баҳоси бўйича қарз олувчининг скоринг балли.

Маълумот учун, хизмат йилда бир марта бепул тақдим этилади. Агар кредит тарихини тез-тез текшириш зарурати бўлса, ҳар бир кейинги сўров учун тўлов 12 680 сўмни ташкил этади.

“SMS-хабарнома” хизмати фойдаланувчини аризани кўриб чиқишнинг бориши ва унинг натижалари ҳақида хабардор қилиш учун мўлжалланган. Ушбу хизматдан фойдаланиш шарт эмас.

SMS-хабарнома учун ҳар бир кирувчи SMS хабар учун 40 сўм миқдорида тўлов ундирилади. Суммани уяли алоқа оператори бевосита мижознинг абонент счётидан ечиб олади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар