Қаршида Марказий Осиёдаги энг йирик "Америка бурчаги" очилди

Қаршида Марказий Осиёдаги энг йирик

Қарши шаҳрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (AMERICAN COUNCILS) ташаббуси доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Америка бурчаги очилди.

Вилоят марказидаги “Баркамол авлод” мактабининг иккинчи қаватида жойлашган бу янги маскан кутубхона, компьютер лабораторияси, анжуманлар зали ҳамда АҚШда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таълим олмоқчи бўлган ёшларга бепул маслаҳат кўрсатувчи EducationUSA маркази синфхонасидан иборат. Умумий майдони 320, фойдаланиш майдони эса 230 квадрат метрга тенг Америка бурчаги АҚШдаги таълим даргоҳларига мос услубда қайта қурилиб, замонавий компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган, юқори тезликдаги интернетга уланган.

Лойиҳа ташаббускорларига кўра, Қарши шаҳридаги Америка бурчаги Марказий Осиёда фаолият юритаётган шу каби масканлардан энг йиригидир. Бу ерда барча учун инглиз тилидаги анъанавий ва электрон китоблар ҳамда таълим ва маданиятга оид бошқа ресурслардан, шунингдек, компьютер лабораториялари хизматидан бепул фойдаланиш имконияти яратилган. Айни пайтда янги марказда инглиз тилини ўрганиш бўйича клублар ташкил этиш, шу тилдаги фильмлар намойишларини ўтказиш, АҚШлик экспертлар иштирокидаги турли дастурларни амалга ошириш режалаштирилган.

- Қарши шаҳрида Америка бурчагининг очилиши нафақат икки давлат, балки АҚШ ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги муносабатларни ҳам мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, - деди масканнинг тантанали очилиш маросимида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.

Маросимда таъкидланганидек, Қарши шаҳридаги Америка бурчаги дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатларида очилган 600 дан зиёд шу каби марказлар тармоғига қўшилади. Масканда танлов асосида саралаб олинган маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Фулбрайт дастури бўйича Ўзбекистонга келиб, бевосита Қашқадарёда фаолият юритаётган АҚШлик ўқитувчилар ҳам таълим беради. Шунингдек, бу ерда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва Америкадан ташриф буюрган таниқли шахслар – ёзувчилар, мусиқачилар ва бошқалар иштирокида ҳам турли тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

AMERICAN COUNCILSнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Уильям О’Роаркнинг айтишича, тез орада Ўзбекистоннинг яна бир қанча шаҳарларида ҳам Америка бурчаклари очилиши мўлжалланмоқда. Хусусан, шу йилнинг охиригача бундай маскан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаши мумкин.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар