Халқаро авиақатновлар сентябрга қадар бекор қилинди

Халқаро авиақатновлар сентябрга қадар бекор қилинди

Uzbekistan Airways 16 августдан 31 августгача халқаро қатновларнинг ва маҳаллий йўналишлар бўйича мунтазам парвозларнинг бир қисми мажбурий бекор қилингани тўғрисида хабар берди.

Маълум қилинишича, парвозлар амалга ошириладиган мамлакатлар ва Ўзбекистоннинг маъмурий марказларидаги эпидемиологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда халқаро ва маҳаллий қатновлар жадвалига ўзгартиришлар киритилган.

Авиакомпаниянинг веб-сайти орқали ёки Uzbekistan Airways Sales филиалининг кассасида АЖнинг 2020 йил август ойидаги бекор қилинган қатновларига авиачипталарни сотиб олган йўловчиларга тўлов шаклига мувофиқ пул маблағларини ваучер шаклида олиш ёки 2020 йил 1 сентябридан бошлаб режалаштирилган АЖ қатновларига бир марталик қайта бронлаш имконияти тақдим этилади.

Uzbekistan Airways АЖнинг хориждаги сотувлар офисида ёки авиакомпаниянинг Ўзбекистон ва хориждаги авиаташувлар сотуви бўйича агентларидан авиачипталарни сотиб олган йўловчилар, пул маблағларини ваучер шаклида олиш ёки учиш санасини 2020 йил 1 сентябридан бошлаб режалаштирилган АЖ қатновларига қайта бронлаш учун авиачипта сотиб олинган жойга мурожаат қилишлари керак.

Бекор қилинган қатновларга авиачипталар санасини бошқа санага қайта бронлаш йўловчилар томонидан қўшимча тўловларсиз амалга оширилишига эътибор бериш сўралган.

«Авиакомпания Call-марказига кўплаб қўнғироқлар келиб тушаётганлиги сабабли хизматни кутиш вақти сезиларли даражада ошди. Шу муносабат билан йўловчилардан қатновлар бекор қилиниши билан боғлиқ қўнғироқлар билан Call-марказга мурожаат қилмасликларини илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 17 августдан 30 августга қадар амалга ошириладиган навбатдаги чартер рейсларнинг жадвали тасдиқланган эди. Унга кўра, ушбу муддат оралиғида 23 та рейс орқали хориждаги фуқаролар эвакуация қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар