Ҳукумат қарори (294-сон, 10.05.2021 й.) билан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомлар тасдиқланди.
Низомга кўра, ёш тадбиркорлик субъекти 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ҳамда юридик шахс мақомида ёки таъсисчилари сифатида саноат ёки хизмат кўрсатиш йўналишида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Ёшлар саноат зоналари фақат муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида ташкил этилади.
Ёшлар саноат зоналарида ўз инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш истагида бўлган ёш тадбиркорликлар тегишли ҳужжатларни туман (шаҳар) инвестициялар ва ташқи савдо бўлимларига тақдим этади.
Инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш тўғрисида ишчи гуруҳ қарори ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 10 календарь кун ичида қабул қилинади ҳамда бу ҳақда ижобий ёки рад этиш тўғрисида хулоса берилиши шарт.
Қуйидаги талабларга жавоб берадиган инвестиция лойиҳалари Ёшлар саноат зоналари ҳудудида жойлаштиришда устуворликка эга бўлади:
● патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартап - инвестиция лойиҳалари;
● инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари;
● импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи инвестиция лойиҳалари;
● яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган бўлиши, бунда бандлиги таъминланмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлашни назарда тутувчи инвестиция лойиҳалари.
Инвестиция лойиҳасини жойлаштириш учун ер майдонлари чегараларини белгилаб бериш Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг тегишли туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ишчи гуруҳларнинг хулосалари асосида 5 иш куни ичида амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш