Ўзбекистонда органик бозор ва ресторанлар очилади

Ўзбекистонда органик бозор ва ресторанлар очилади

Ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини ошириш ва ташқи бозорда «ўзбек сифати» белгисини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Президентнинг бу борадаги тегишли фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра, Тошкент, Қўқон, Марғилон, Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида агроэкотуризм жозибадорлигини янада ошириш учун органик бозорлар ва ресторанлар ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Қайд этилишича, органик маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтказилаётган экин турларини етиштиришнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда органик сертификатланган ҳар бир гектар ер участкаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаригача миқдорда давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

Шунингдек, биринчи навбатда биомаҳсулотларни ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган биологик ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилишнинг органик воситалари бўйича мувофиқлик сертификатларга таннархнинг 50 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш кўзда тутилган.

Фармон билан, Европа Иттифоқи билан савдо фаолиятини жадаллаштириш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурлари режасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланмоқда.

Манба: xabar.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар