Ўзбекистондаги биринчи эркин иқтисодий зона – “Навоий” ЭИЗ бу ерда олиб борилаётган иш кўлами жиҳатидан ҳам етакчилик қилиб келмоқда. Кармана туманининг 500 гектарлик майдонини эгаллаган мазкур бизнес майдонига айни пайтда Навоий шаҳридан ҳам бир қатор объектлар ва майдонлар қўшиб берилган.
“Бугунги кунда эркин иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган корхоналар сони 50 дан ортиқни ташкил этади. Хитой, Эрон, Туркия каби дунёнинг 10 га яқин мамлакатлари ишбилармон доира вакилларининг вилоятимизда бизнес юритишга иштиёқи баланд. ЭИЗ ҳудудида ҳозирда кўплаб янги қўшма корхоналар ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда”, – дейди ЭИЗ дирекциясининг инвесторлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамшид Жумаев.
“Navoiy – motors” Ўзбекистон-Австрия қўшма корхонаси шулардан бири саналади. Умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа юртимиз автомобилсозлик саноатида янги имкониятлар яратишни ҳамда янги даврни бошлаб беришни мақсад қилган. Сабаби Хитой давлатининг “Oshan” бренди остида ишлаб чиқариладиган автомобилларни эндиликда шу ернинг ўзида йиғиш ва ички бозорга чиқариш режалаштирилмоқда.
“Айни пайтда завод қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Йил якунига қадар мазкур ишлар тўлиқ якунланиб, автмобиллар йиғиш ва сотиш ишларини ҳам бошлаб юбориш кўзда тутилган. Автомобиллар нархи тахминан 13 минг АҚШ долларидан 30 минг АҚШ долларигача бўлиши кутилмоқда”, дейди корхона раҳбари Шерзод Мўминов.
Изоҳ қолдириш