Республика ишчи гуруҳи: асосий мақсад – халқ розилигини таъминлаш

Республика ишчи гуруҳи: асосий мақсад – халқ розилигини таъминлаш

Бу жараёнда туманнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражаси нисбатан оғир “Ангидон”, “Қўрғонтепа”, “Мирдош”, “Оқтепа”, “Сарой”, “Каттасой”, мурожаатлар кўп келиб тушган “Олтинсой”, “Алишер Навоий”, “Тасмачи”, “Уйшун” сингари қишлоқ ва маҳаллаларидаги аҳолининг энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ қатор масалалар ҳам ҳал қилинди. Айтайлик, “Олтинсой” ва “Алишер Навоий” маҳаллаларидаги икки кўчада 3.85 км. пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари тугалланиб, 171 дона тунги ёритиш чироқлари, “Навбаҳор” маҳалласидаги кўп қаватли 8 та уйнинг кириш йўлакларига эса қуёш панелли ёритгичлар ўрнатилди.

“Самарқанд”, “Наврўз” каби маҳаллалардаги 354 та эскирган симёғочлар темир устунларга алмаштирилган бўлса, “Гулистон”, “Чоштепа” қишлоқларидаги электр тармоғи янгиланиб, юқори қувватли трансформатор ўрнатилди. Табиий газ етиб бормаган тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли хонадонларига кўмир, газ баллонлари етказилди, газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди.

“Олтинсой”, “Бахшижар” маҳаллаларида янги кўприклар қурилиб, фойдаланишга топширилиши, “Қўшчинор”, “Зарбдор”, “Урганжи” маҳаллаларидаги 19,9 км. лой кўчалар тош йўлга айлантирилиши билан аҳолининг узоғи яқин, йўли равон бўлди.

Хатирчидаги оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, ҳудудда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, кам таъминланган аҳолига моддий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетдан 4,3 млрд. сўм ажратилди. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 110 нафар мурожаатчига 2,9 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича ижобий тавсиялар берилган бўлса, улардан 57 нафарига 1,1 млрд. сўм кредит берилиши таъминланди. Ишсиз инсонлардан 66 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 110 нафарининг ўзини ўзи банд қилишига эришилди.

Оғир шароитдаги бир қатор оилалар уй-жойлари ички имкониятлар ҳисобидан таъмирланди.

Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар натижасида хасталик аниқланган инсонлардан 232 нафари туман, 39 нафари вилоят шифохоналарига даволаниш учун ётқизилди, 474 нафар беморга бепул дори-дармонлар ажратилди.

Бу каби эзгу ишлар туманнинг ҳар бир маҳалласини қамраб олди. Ҳа, мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилгани халқ билан мулоқот тизимини янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам асос бўлмоқда. Асосий мақсад – халқ розилигини таъминлаш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш бўлиб, Республика ишчи гуруҳининг Хатирчи туманидаги фаолияти ҳам айни шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар